Эртага, Қаршининг “Марказий” стадионида “Насаф” ОЧЛ доирасида иккинчи турда БААнинг “Ал Васл” клубини қабул қилади.
Қаршиликлар Осиё Чемпионлар лигасидаги тўртинчи уринишда катта мақсадларни кўзламоқда. Мусобқаанинг аввалги мавсумларида “Насаф” БАА вакиллари билан уч бор тўқнаш келган ва “Ал-Жазира”, “Ал-Аҳли” ҳамда “Ал-Айн” клубларга қарши ўйинларда ҳали ғалаба нашидасини суриб кўрмаган.
Бир неча дақиқа олдин бўлиб ўтган матбуот анжуманида ҳар иккала жамоа бош мураббийлари иштирок этишди.
Родолфа Аррауабаррена, “Ал-Васл” бош мураббийи:
«Хабарингиз бор, эртага майдонга тушадиган иккала жамоа ҳам биринчи турда мағлубиятга учрашган, демак бу гал иккала жамоа ҳам ғалаба учун курашиши аниқ. Шундан келиб чиқиб, бизни оғир баҳс кутиб турганини тушуниб турибмиз. Шундай бўлса ҳам ортга уч очко билан қайтишни мақсад қилганмиз. Рақибларимизнинг ўтган турдаги ўйинини кузатдик ва таҳлил қилдик. «Насаф» “Персеполис”га йирик ҳисобда мағлубиятга учрашга лойиқ эмасди, хатоликларга йўл қўйгани учун ҳам “Насаф” енгилди. Бундан биз ҳам хулоса чиқардик ва эртага мезбонларни ўша хатоларини такрорлашига ва бунинг учун уларни жазолашга ҳаракат қиламиз. Бизнинг “Ал-Садд”га қарши мағлубиятимизга келсак, ўйинни чиройли бошлагандик, бироқ
ташаббусни рақибга топшириб қўйдик. Бунга биринчи галдаги сабаб қилиб, биз «Ал Садд»га қарши ўйин олдидан дербида «Ал Наср»га қарши ўйнадик ва кўп кч сарфладик. Ўйиндан кейин эса футболчилар тикланишга улгурмади. Яширмайман, Қаршига тўлиқ таркибда келолмадик. Таркиб борасида ўйиндан олдин гапиришни ёқтирмайман, барчасига эртага ўзингиз гувоҳ бўласиз. Мақсадга келсак, олдиндан бирор нарса дейиш қийин. Жамоамиз узоқ йиллик танаффусдан кейин ОЧЛга қайтди. Футболчиларимиз ОЧЛда ўйнаш борасида катта тажрибага эга эмас, кўпчилик учун жорий мавсум дебют саналади. Шунга қарамай юқори мақсадни кўзлаган ҳолда ўйнаймиз.
Рўзиқул Бердиев, “Насаф” бош мураббийи
«Мақсадимиз аниқ – фақат ғалаба қозониш, сабаби ўйин биз учун жуда муҳим. Биринчи турда, Теҳрондаги ўйинда ҳаяжон эвазига шогирдларим ўз ўйинини тўлиқ кўрсата олишмади, халқаро тажриба етишмади, жамоани бошқарадиган етакчи топилмади. Учрашувдан кейин футболчилар билан гаплашиб олдик, ўйинни чуқур таҳлил қилдик. Хатолардан тегишли хулосаларни чиқардик. Эртанги учрашувда мухлисларимиз қўллаб-қувватлаши остида фақат ғалаба учун курашамиз. Умид қиламанки, «Ал Васл»га қарши ўйинда мухлисларимизга чиройли ғалабани тақдим этамиз. Бунинг учун жамоани руҳан тайёрлаяпмиз”.