Ўзбекистон Биринчилиги ПРО-Лига “А” гуруҳида иштирок этаётган “Оқ бўрилар” жамоасининг ёш, умидли футболчиларидан бири Ислом Бойсариев ўтган 2018 йилги мавсумда ўзининг интилиши, изланиши ва саъи-ҳаракатлари билан мураббийлар ишончини оқлаган ҳолда асосий таркибдан муқим жой олиб улгурган эди. Афсуски, ўтган йили сафарда “Орол” (Нукус)га қарши учрашувда кутилмаганда жароҳат олиб, маълум вақт давомида даволаниб тикланиш жараёнини ўтказди. Унинг жароҳат олиш воқеаси ҳатто Ўзбекистон Футбол Ассоциациясининг йил якунларига бағишланган байрам тадбирида ҳам эътироф этилди.
Шукурки, барча кўнгилсизликлар ортда қолди ва умидли футболчимиз янги мавсум бошидаёқ сафга қайтди. “Шўртан” клубининг 2019 йилги мавсуми қайдномасига киритилди ва Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигасидан рўйхатдан ўтказилди.
1 июнь куни Ўз.ПФЛ томонидан янги ташкил этилган Лига Кубоги мусобақаси 1-тур учрашувлари доирасидан ўрин олган “Шўртан” – “Сўғдиёна” баҳсининг 67-дақиқасида мураббийлар томонидан захирадан майдонга туширилди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ислом Бойсариев орада юзага келган танаффусга қарамай ўз жисмоний ҳолатини яхши сақлагани ва тайёргарлиги ҳам талабга жавоб беришини майдонда исботлаб қўйди. Ҳужум чизиғида ҳаракатланган ёш ўйинчимиз, баҳснинг қолган қисмида Суперлига вакили – “Сўғдиёна” жамоаси ҳимоячилари ва айниқса, дарвозабон Ширинбой Абдуллаевни бир неча маротаба ҳушёр туришга мажбур қилди.
Бош ҳакам томонидан иккинчи бўлимга қўшиб берилган сўнгги дақиқаларда эса Жиззахликлар дарвозаси томон берилган кучли зарбаси гол билан якунланиши мумкин эди. Агарда зарба гол билан якунланганида, Ислом Бойсариев шубҳасиз учрашув қаҳрамонига айланар эди.
Биз клуб раҳбарияти, ишчи-ходимлар, мураббийлар гуруҳи ва мухлислар номидан истеъдодли футболчимизга бундан кейинги фаолиятига омадлар тилаб қоламиз.
“Шўртан” ПФК матбуот бўлими