Март ойининг энг яхши дарвозабони – Ботирали Эргашев

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси 2018 йилги мавсумнинг ҳар ойидан кейин тўрт йўналиш бўйича энг яхшиларни аниқлаб келди: энг яхши мураббий, энг яхши футболчи, энг яхши дарвозабон ва энг чиройли гол. Ташкил этилган сўровнома якунларига кўра энг кўп овоз тўплай олган номзодлар ташкилотнинг энг яхшилар учун аталган статуэткаларини қабул қилиб олишди.

 2019 йилги мавсумда ҳам мазкур анъанани давом эттирамиз. Жорий йилдан эътиборан Tribuna.uz  нашри ой лауреатларини аниқлашда ахборот ҳамкори сифатида иштирок этади. Artel  савдо белгиси эса ойнинг энг яхшиларига ўз смартфонларини тақдим этади.

Энг яхшиларни аниқлаш шартлари ўзгармайди. Coca Cola  Суперлиганинг 14 клуби бош мураббийлари ҳамда сардорлари кўрсатилган номзодларни учталикка жойлаштириб чиқади. Дастлабки ўринда кўрсатилган номзод 3, мос равишда кейинги икки ўриндагилар 2 ва 1 очколик бўлади. Шунингдек, Tribuna.uz  нашри футбол мухлислари ўртасида сўровнома ўтказади. Бунда мухлислар овози катта аҳамиятга эга бўлиб, биринчи ўринни эгаллаган номзод 6, мос равишда кейингилар 4 ва 2 очкодан қўлга киритади. Якунда энг кўп балл тўплаганлар ойнинг энг яхшилари сифатида эътироф этилади.

 Ортда қолган март ойида Coca  Cola  Суперлига-2019 старт олди. Суперлига доирасида жамоалар 2 та тур ўйинларини ўтказишди. Мазкур учрашувлар давомида бир қатор дарвозабонлар ишончли ўйин намойиш этиб, мухлис-у мутахассислар олқишига сазовор бўлди.

 Март ойининг энг яхши дарвозабонини аниқлаш учун ташкил этилган сўровнома якунларига кўра, “Динамо” жамоаси посбони Ботирали Эргашев энг кўп очко жамғаришга эришди. 2 та ўйинда майдонга чиқиб, 4 та сейв амалга оширган ушбу дарвозабон қолган рақобатчиларини овоз беришда катта фарқ билан ортда қолдиришга муваффақ бўлди.

Қайси мураббий ва футболчи кимга овоз бергани ПФЛ сайтида барча ғолиблар маълум бўлгач эълон қилинади.

Манба:pfl.uz

Leave a Reply