Март ойининг энг яхши мураббийи – Шота Арвеладзе

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси 2018 йилги мавсумнинг ҳар ойидан кейин тўрт йўналиш бўйича энг яхшиларни аниқлаб келди: энг яхши мураббий, энг яхши футболчи, энг яхши дарвозабон ва энг чиройли гол. Ташкил этилган сўровнома якунларига кўра энг кўп овоз тўплай олган номзодлар ташкилотнинг энг яхшилар учун аталган статуэткаларини қабул қилиб олишди.

2019 йилги мавсумда ҳам мазкур анъанани давом эттирамиз. Жорий йилдан эътиборан Tribuna.uz  нашри ой лауреатларини аниқлашда ахборот ҳамкори сифатида иштирок этади. Artel савдо белгиси эса ойнинг энг яхшиларига ўз смартфонларини тақдим этади.

Энг яхшиларни аниқлаш шартлари ўзгармайди. Coca  Cola  Суперлиганинг 14 клуби бош мураббийлари ҳамда сардорлари кўрсатилган номзодларни учталикка жойлаштириб чиқади. Дастлабки ўринда кўрсатилган номзод 3, мос равишда кейинги икки ўриндагилар 2 ва 1 очколик бўлади. Шунингдек, Tribuna.uz   нашри футбол мухлислари ўртасида сўровнома ўтказади. Бунда мухлислар овози катта аҳамиятга эга бўлиб, биринчи ўринни эгаллаган номзод 6, мос равишда кейингилар 4 ва 2 очкодан қўлга киритади. Якунда энг кўп балл тўплаганлар ойнинг энг яхшилари сифатида эътироф этилади.

Ортда қолган март ойида Coca Cola Суперлига-2019 старт олди. Суперлига доирасида жамоалар 2 та тур ўйинларини ўтказишди. Мазкур учрашувлар давомида бир қатор жамоалар мазмунли ўйин намойиш этиб, мухлис-у мутахассислар олқишига сазовор бўлди. Бунда ушбу жамоалар устозларининг ҳам ўрни беқиёс эканини қайд этиш жоиз.

Ортда қолган март ойининг энг яхши мураббийини аниқлаш учун ўтказилган сўровномада ғолиблик учун кураш жуда қизғин кечди. Суперлига клублари мураббийлари ва сардорларининг аксарияти “Пахтакор” устози Шота Арвеладзени биринчи ўринга қўйган бўлса, мухлислар “Насаф” бош мураббийи Рўзиқул Бердиевни биринчи поғонага муносиб деб кўрсатишди. Якунда очколар сарҳисоб қилинганида Шота Арвеладзе Рўзиқул Бердиевни 63:62 ҳисобида 1 очкога ортда қолдириб, ойнинг энг яхши мураббийи номига сазовор бўлди.

Манба:pfl.uz

Leave a Reply