Суперлига футбол клублари вакиллари иштирокида семинар бўлиб ўтди

Бугун ЎзПФЛ биносида Суперлига клублари вакиллари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда маркетинг, ҳомийлар билан ишлаш, стадионга кўпроқ мухлислар келишини таъминлаш, клубларнинг содиқ ва ашаддий ишқибозлари сонини ошириш учун амалга оширлиши лозим бўлган жиҳатлар муҳокама қилинди.

Таъкидлаш лозим, ушбу йиғилиш конструктив мулоқот тарзида ташкил этилди ва йиғилишда клублар вакиллари барча масалалар бўйича саволларга жавоб олишди. Дастлаб, маркетинг ва ушбу мавсумда титул ҳомий билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Хабарингиз бор, ушбу мавсумда Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси янги титул ҳомий –  Coca  Cola  бренди остидаги дунёга машҳур компания билан шартнома имзолади. Унга кўра, ушбу титул ҳомий мавсумда барча эксклюзив ва тижорий ҳуқуқларга эгалик қилиш билан бирга, клубларга мерчендайзинг ва савдо шаҳобчалари билан боғлиқ масалаларда ёрдам кўрсатади.

Профессионал Футбол Лигаси маркетинг бошқармаси ушбу мавсум учун янги тижорий регламент ишлаб чиқди ҳамда клубларга тақдим этди. Таъкидлаш лозим, бундай регламент биринчи марта клублар учун тақдим этилди. Клублар тижорат билан боғлиқ масалаларда айнан ушбу регламент асосида ишлаши ва унга бўйсуниши белгиланди.

Йиғилиш давомида клубларга чемпионат янги титул ҳомийси билан боғлиқ масалаларда қандай енгилликлар берилиши юзасидан савол билан мурожаат қилишди. Аввалроқ, янги титул ҳомий билан боғлиқ саволларга ташкилот жавоб берган ва ёрдам асосида клублардан аёллар футбол клублари учун бадал пулларидан воз кечгани, шунингдек, лигалардаги футболчиларни суғурталашни ўз зиммасига олгани ҳақида маълумот берган эди. Ҳозирча ЎзПФЛ клублар томонидан амалга ошириладиган маълум ҳаражатлар (ҳакам, назоратчи ва комиссарлар йўл ҳаражатлари)ни бир қисмини ўз ҳисобидан амалга ошириши, кейинчалик босқичма-босқич ҳомийлик пулларидан клубларга ҳам тегишли қисмини ажратиши таъкидланди.

Йиғилиш давомида яна мухлислар билан ишлаш масаласига жиддий эътибор берилиши муҳокама қилинди. Ҳозирга келиб, Суперлиганинг айрим клубларида мухлислар билан ишлаш, мухлисларни стадионларга жалб қилиш каби масалаларда камчиликлар борлиги айтилди. Клублар ЎзПФЛ томонидан қўйилган талабларни айрим ҳолатлардабажармаётгани, бу масалага яхшироқ эътибор қаратиши лозимлиги уқтирилди. Масалан,айрим клублар ҳозирга келиб мухлислар билан ишлаш учун махсус штат очмагани ва ишга мутахассис жалб этмагани аниқланди. Клублар бу борада яна бир марта ЎзПФЛ томонидан жиддий огоҳлантирилди. Чемпионатнинг навбатдаги тур ўйинлари олдидан бу камчиликлар бартараф этилиши шарт қилиб белгиланди ва камчликлар бартараф этилмаса, уларга нисбатан жиддий санкциялар қўлланилиши ҳақида яна бир марта огоҳлантирилди.

Шунингдек, ҳар бир клубнинг мухлислари аудиториясини кенгайтириш, содиқ ва ашаддий ишқибозлари сонини кўпайтиришда маркетинг ҳамда мухлислар билан ишлаш бўлими ўрни муҳим экани алоҳида қайд этилди. Зеро ҳар бир клубнинг стадиони ҳудудида клуб дўкони мунтазам фаолият кўрсатса, унда клуб аттрибутикалари савдоси ҳамёнбоп нархда бўлса, учрашувлар давомида стадионда клуб мадҳияси янграб, клуб маскоти ишқибозларни руҳлантириб турса, клуб ва мухлислар ўртасидаги алоқа янада яқинлашиши, клуб шунчаки эмас, балки чин маънода ўз ишқибозларига яқин бўлиши таъминланади. Бунинг учун ҳар бир клуб футболчилари ва мухлислар ўртасида тез-тез учрашувлар, дастхат-шоулари ташкил этилиши белгиланди.

Манба:pfl.uz

Leave a Reply