“Хоразм” ФК ЎФА ҳузуридаги вилоят болалар-ўсмирлар ҳудудий футбол академияси билан шартнома имзолади

Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси янги мавсум олдидан Суперлига ҳамда Про-лига “А” гуруҳининг барча иштирокчи клублари олдига бир қатор талабларни қўяётганидан хабарингиз бор. Жумладан, 2019 йилдан бошлаб Суперлига ҳамда Про-лига “А” гуруҳида қатнашишни истаган клуб яхши ҳолатдаги майдони бор стадион ва ўз академиясига эга бўлиши шарт.

Келаси мавсумга тайёргарлик жараёнини аллақачон бошлаб юборган “Хоразм” футбол клуби ўз таркибида аёллар ва футзал жамоаларини шакллантириш устида иш олиб боряпти. Қолаверса, клуб ўз академиясига ҳам эга бўлиши лозим. Шу сабабдан бугун “Хоразм” футбол клуби ЎФА ҳузуридаги Хоразм вилояти болалар-ўсмирлар ҳудудий футбол академияси билан ёш футболчиларни тайёрлаш бўйича шартнома имзолади.

Ўзаро шартномага кўра, “Хоразм” клуби ҳам айрим мажбуриятларни ўз зиммасига олади. Ўз навбатида маълум ҳуқуқларга эга ҳам бўлади. Энг муҳими – вилоятдаги ёш истеъдодларни тўғри йўналишда тарбиялаб, улардан яхши савиядаги профессионал ўйинчи етишиб чиқишида клуб ҳам ўз муносиб хиссасини қўшиш имкониятига эга бўлади. Шунингдек, академиядан етишиб чиқадиган истеъдодли ўйинчиларни ўз сафига жалб этиш борасида маълум афзалликларга эга бўлади.

“Хоразм” футбол клуби ва ЎФА ҳузуридаги Хоразм вилояти болалар-ўсмирлар ҳудудий футбол академияси ўртасида ёш футболчиларни тайёрлаш бўйича тузилган шартнома шартлари бажарила бошлангач, клуб олдига қўйилаётган асосий талаблардан бири – академия бўйича талабни бажарган бўлади. Эндиликда «Хоразм» футбол клуби иккинчи асосий талаб бўйича иш олиб боради, яъни ўз уй учрашувларини ўтказадиган стадион майдонини яхши ҳолатга келтириши лозим бўлади.

Манба:pfl.uz

Leave a Reply