Бош мураббий масаласида “Бухоро” футбол клуби расман огоҳлантирилди

“Бухоро” футбол клуби матбуот хизмати жамоага янги бош мураббий сифатида Шуҳрат Файзиев олиб келинаётгани борасида хабар эълон қилди. Профессионал футбол лигаси шуни расман маълум қиладики, “Бухоро” футбол клуби мазкур мутахассисни бош мураббий сифатида Суперлига ўйинлари учун рўйхатдан ўтказа олмайди.

Футбол клублари ўтган ойнинг сўнгги ўн кунлигида 2019 йилги мавсум учун лицензиялаш талабларини қўлга киритганди. Шунингдек, лицензиялаш талаби жамоатчилик учун ҳам очиқланди. Унда 2019 йилги мавсумдан бошлаб Суперлига клублари бош мураббийларида “Про” лицензияси бўлиши шарт экани кўрсатиб қўйилганди. Шуҳрат Файзиев эса фақатгина “А” лицензиясининг эгаси ҳисобланади.

Суперлигада фаолиятини давом эттириш истагида бўлган мутахассислар айни кунларда Тошкентда бўлиб турибди ва улар “Про” лицензияси учун курсларда иштирок этяпти. Хусусан, “Бухоро” футбол клубининг эндиликдаги собиқ бош мураббийи Улуғбек Бақоев ҳам улар орасида бор. Бироқ Шуҳрат Файзиев ўз малакасини ошириш имконини берувчи мазкур курсда ўқиш истагини билдирмаган.

Бундан ташқари, “Бухоро” футбол клуби ўз зиммасидаги қарздорликлар масаласини ижобий ҳал қилмагунига қадар, янги мураббий ва футболчилар рўйхатдан ўтказилмайди. Бу борадаги расмий огоҳлантириш хати клубга етказилади. Шунингдек, клуб вакиллари футбол академияси ҳамда стадион майсаси ҳақида ҳам қайғуриши шарт.

Маълумот учун, аввалроқ Жиззахнинг “Сўғдиёна” клуби ҳам шунга ўхшаш огоҳлантириш хати қабул қилиб олганди.

Манба:pfl.uz

Leave a Reply