“Пахтакор” футбол клуби Ўзбекистон олимпия терма жамоасини мукофотлади.

Осиё чемпиони номини қўлга киритган Ўзбекистон ёшлар терма жамоасини “Пахтакор” клуби мукофотлади. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар бермоқда.

«Пахтакор» стадиони мажлислар залида бўлиб ўтган маросимда Ўзбекистон Миллий Олимпия Қўмитаси Президенти, Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси вице-президенти Умид Аҳмаджонов, ЎФА Ижроқўм аъзоси, “Пахтакор” ФК президенти Бобур Шодиев, чет эл иштирокидаги SFI Management Group МЧЖ бош директори Улуғбек Муҳамедов, «Пахтакор» бош мураббийи Шота Арвеладзе, Ўзбекистон футбол ассоциацияси масъуллари, футболчилар ва мураббийлар иштирок этишди.

Осиё чемпионатида Ватанимиз номини юксакларга кўтарган ва мазмунли ўйин намойиш қилиб, Осиё чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлган футболчилар ва мураббийларга “Пахтакор” ФК президенти Бобур Шодиев томонидан пул мукофотлари топширилди.

«Пахтакор» футбол клуби ўзбек футболи йўлида катта меҳнат қилаётган инсонларни ҳамиша ҳурмат қилади ва уларни қадрлайди – дея хабар берди Пахтакор клуби расмий сайти.

Манба: pfl.uz

Leave a Reply