“Металлург” футбол клубида бўлган ПФЛ ишчи гуруҳи жамоанинг штат жадвали билан ҳам танишиб чиқди. Қайд этиш керак, ташкилот бунга қадар штат жадвали борасидаги тавсияларини клубга тақдим этганди.
Жамоада жамоа бошлиғи лавозими сақланиб турибди. ПФЛ талабига кўра, клуб штатида спорт директори фаолият олиб боради. Шунингдек, асосий таркиб, ўринбосарлар, аёллар ва футзал жамоаларида алоҳида-алоҳида маъмурлар ишлайди. Юқорида номлари кўрсатилган штатлар билан жамоа ишини юритиш мумкин. Қолаверса, бош директор ўринбосари штати ҳам мавжудки, у бажарилаётган ишларни доимий равишда назорат қилиб боради. 2019 йилги мавсумдан бошлаб жамоа бошлиғи лавозими бўлмайди.
“Металлург” футбол клубида халқаро бўлим мавжуд эмас. Бу эса лицензиялаш талаблари, хорижий клублар, фирмалар, ОФК билан алоқаларга таъсирини ўтказиши мумкин. Назарий жиҳатдан олиб қараганда, “Металлург” клубида чемпионлик учун имконият бор. Шундай экан, халқаро майдон учун кураш олиб бораётган жамоада халқаро бўлим вакилининг бўлиши мантиқли. 2019 йилги мавсум учун жамоада шундай штат бўлади.
Маълумот учун, “Металлург” ОФКнинг лицензиялаш бўйича талабларини биринчилардан бўлиб тўлиқ бажариб бўлган ва бу борада айрим клубларга ўрнак бўла олган. Эндиги навбат эса ПФЛ қўяётган талабларни 2019 йилги мавсумга қадар амалга оширишдир.
Жамоа учун, шунингдек, сайт ва ижтимоий тармоқлар билан мунтазам ишлайдиган кадр керак. Клуб матбуот котиби матбуот анжуманлари, хатлар, журналистлар, жамоатчилик билан алоқалар, футболчилар, мураббийлар билан интервьюлар учун жавобгар бўлган шахс. Унга эса сайтга янгиликларни ўз вақтида киритиб борадиган ёш кадр ёрдами зарур. Жамоа штат жадвалида бу ўзгариш ҳам бўлади. Фотограф ҳамда видеотасвирчи штатлари мавжуд.
Ва албатта “Металлург” футбол клубига тижорий масалалар билан ишловчи кадр керак. У фан-клуб сардорининг ишини мувофиқлаштириб беради. Стадионга мухлислар ташрифини назорат қилади, чипталар савдоси, уларнинг чоп этилиши, реклама баннерларининг илиниши, ОАВда “Металлург” клубининг бренди, формалар сотуви — умуман олганда клубга пул келиши мумкин бўлган барча ишлар билан машғул бўлиши лозим. ПФЛ 2019 йилдан бошлаб футбол клубларининг ҳомийлик ёрдамидан ташқари қанча даромад кўраётгани масаласига ҳам ўз эътиборини қаратади.
Қайд этиш керак, айни вақтда ПФЛ клубларни 2019 йилги мавсумга тайёрлаш ишларини олиб бормоқда. Юқорида кўрсатиб ўтилган вазифалар “Металлург” клуби раҳбарияти томонидан келаси мавсумда амалга оширилади.
Манба:pfl.uz