Pepsi Суперлигаси учрашувлари мавсум стартидан буён иш вақтидан эрта бошланмаяпти. Бу биринчи галда стадион ёритгичлари билан боғлиқ муаммони келтириб чиқарарди.
Бекободдаги “Металлург” стадиони ёритгичлари йил бошида 300—400 люксни ташкил қилаётганди. 23-тур доирасида бўлиб ўтган “Локомотив”га қарши учрашувда ПФЛ ишчи гуруҳи прожектор нурларининг майдонга қандай етиб бораётгани юзасидан текширув ўтказди. Эндиликда ёритиш тизими 1000—1400 люксга етказилган. Йил сўнгига қадар прожекторлар яна бир неча люксгача кучайтирилади.
“Аввалги ўйинимизда стадионнинг шарқий қанотини ғарбий сектордан кўриш қийинчилик туғдираётганди. Бу сафар эса ҳаммаси жойида, ўзгариш катта”, — деб айтиб ўтди учрашувни CIP сектордан кузатиб бораётган “Локомотив” клуби вакили Тимур Кападзе.
“Металлург” стадиони майсаси айни вақтда қониқарли ҳолатда. Айрим жойларда ажриқ бироз сарғайган, бироқ ўша нуқталарда тупроқ қатламининг чўкиши, футболчилар жароҳат олиши мумкин бўлган нуқталар деярли йўқ. Шунга қарамай, айрим нуқталарда тўп сакраб кетади.
“Металлург” жамоаси ўйини биринчи босқичдан анча кучайгани кўриниб турибди. Кеча қийинчилик билан ғалаба қозондик. Майдон чими ҳолати ҳам анча яхши. Фақат майдон у қадар текис эмас. Тўп кўпинча сакраб кетяпти. Айнан шу сабабдан ҳам кеча қулай имкониятдан берган зарбам голга айланмади”, — деб айтиб ўтди “Локомотив” клуби ҳимоячиси Ислом Тўхтахўжаев.
ПФЛ бунгача “Пахтакор”, “Локомотив”, “Насаф”, АГМК ва “Қизилқум” стадионлари майсасини ўрнак ўлароқ кўрсатиб ўтганди. “Металлург” футбол клуби раҳбарияти келаси мавсум учун бунинг устида иш олиб бориши керак.
“Майдон ҳолати олдингига қараганда чиндан ҳам яхшиланган. Майса пастроқ қилиб ўрилгани кўриниб турибди. Футболчилар ҳам аввалгига қараганда бир қадар яхшироқ узатмаларни амалга оширди. Майдон ҳолати идеал даражада бўлса, футбол ҳам чиройли ва томошабоп кўриниш олади”, — деди “Локомотив” бош мураббийи вазифасини бажарувчи Андрей Фёдоров.
“Металлуг” стадионида CIP ҳамда VIP секторлар ПФЛ қўяётган талабларга жавоб беради. Медиа трибунада журналистлар ишлаши учун имкониятлар бор. Бироқ захира ўриндиқларининг ортидан жой олган мухлисларда футболни бемалол кузатиб бориш имконияти чекланган. “Металлург” клуби 2019 йилги мавсумда захира ўриндиқлари ёпинчиғини ўзгартириши, шунингдек, мухлисларни стадиондан ажратиб турган тўсиқни калталаши керак бўлади. ПФЛ мазкур талабни жиддий назорат қилади.
Телетрансляция масаласи
“Металлург” стадионига ташриф буюрган ишчи гуруҳ “Спорт” телеканали режиссёри Нодир Раҳматов ҳамда телеканалнинг техник гуруҳи билан ҳам суҳбатда бўлди. Унга кўра, стадионда қуйидаги камчиликлар борлиги аниқланди.
— Камерачи жой оладиган нуқта нотекис темир сетка билан ўралган. Бу кадрларнинг сакраб кетишига сабаб бўлади. Чунки сетка ҳар бир ҳаракатдан кейин силкинади;
— Марказдан жой оладиган камерага стадион аркаси ҳалал беради. Шундан келиб чиқиб, камерачи жой олган нуқтани баландлаштириш шарт;
— Шунингдек, марказий камера қанотларидаги камералар жой олган нуқталарни ҳам кўтариш лозим. Улар майдонни олаётган вақтда мухлисларнинг боши кадрга тушиб қолади;
— Телевидение камераларини қуёш ва ёмғирдан ҳимояловчи соябонлар мавжуд эмас;
— Телевидение ҳодимлари учун ПФЛ томонидан тақдим этилган бейджиклар билан стадионда эркин ҳаракатланиш имконияти кам.
“Металлург” стадиони раҳбарияти мавжуд камчиликлар юзасидан расман огоҳлантирилади. 2019 йилги мавсумга қадар буларнинг ҳаммаси бартараф этилиши шарт.
Манба:pfl.uz