PEPSI Суперлига: Бугун 15-тур старт олади

Бугундан PEPSI Суперлигасида 15-тур учрашувлари старт олади. Кун доирасидан фақат битта ўйин ўрин олган бўлиб, унда Фарғона водийсининг икки жамоаси – “Навбаҳор” ва “Қўқон-1912” ўзаро баҳс юритади. 

Мазкур учрашув соат 19:02да бошланади. Уни Азиз Асимов бошчилигидаги ҳакамлар гуруҳи бошқариб боради. 

 15-тур / 10 июнь (якшанба)

“НАВБАҲОР” – “ҚЎҚОН-1912”

Ҳакамлар: А. Асимов, Р. Шояхметов, А. Калинин, Д. Каримов.

Назоратчи – Н. Лутфуллин.

Комиссар – Л. Қўчқоров.

 Таъкидлаш жоизки, “Навбаҳор” ҳамда “Қўқон-1912” жамоаларининг ўзаро учрашувлари ҳамиша қизиқарли тарзда ўтиб келган. “Водий дербиси” мақоми остида кечадиган ўйинларда ҳар икки клуб вакиллари ҳам рақибга бўш келмасликка уринишади. 

Ҳозирга қадар “Навбаҳор” Ўзбекистон миллий чемпионатлари доирасида “Қўқон-1912”га қарши 25та учрашув ўтказган. Ўзаро ўйинларнинг 15тасида наманганликлар ғалаба қозонишган. 6та баҳс эса “Қўқон-1912” фойдасига ҳал бўлган. Яна 4та учрашув дуранг билан ниҳоясига етган. “Навбаҳор” футболчилари ушбу рақиб дарвозасига 50та тўп киритишга муваффақ бўлишган. Қўқонликлар эса “Навбаҳор” дарвозасига 28 марта йўл топа олишган. 

Жамоаларнинг биринчи даврадаги ўйини қўқонлик футболчилар фойдасига ҳал бўлган эди – 1:0. 

 Айни пайтда “Навбаҳор” жамоаси 13та учрашувдан сўнг 24 очко жамғариб, мусобақа жадвалида 3-поғонада бормоқда. “Қўқон-1912” эса 15 очко билан 8-ўринни банд этган. 

Манба:pfl.uz

Leave a Reply