Куни кеча аёллар жамоалари ўртасида ҳам мамлакат миллий чемпионати олий лига доирасида ўйинлар ўтказилди.
Жумладан Ғузор шаҳри шарафини ҳимоя қилаётган “Шўртан-Леди” жамоаси қизлари сафарда “Локомотив” меҳмони бўлишди. Эслатиб ўтиш жоиз, айнан ушбу жамоалар ўртасидаги биринчи давра учрашуви воҳа вакилларининг ғалабаси билан якун топган эди. Шу боис Тошкентдаги учрашувга кўпчиликнинг қизиқиши катта эди. Айниқса, мезбон жамоа мухлислари Ғузордаги мағлубият учун муносиб ўйин куриш ниятида эдилар. Бироқ ҳимояда эҳтиёткорлик ва соввуқонлик билан ҳаракат қилган Одил Аҳмедов шогирдлари қарши ҳужум тактикасини қўллаган ҳолда рақибларини бу сафар ҳам доғда қолдиришнинг уддасидан чиқишди.
“Локомотив” футболчиларининг икки голига, қашқадарёлик қизлар тўрт бор жавоб қайтаришди. Улдона Тўхтаева (30), Сарвиноз Назарова (5, 75) ва Гулираъно Толмасова (80) томонидан киритилган голлар “Шўртан-Леди”га навбатдаги – мавсумнинг учинчи ғалабасини тақдим этди. Шу ўринда учрашувнинг 10 дақиқасида Улдона Тўхтаева ҳакам томонидан белгиланган пенальтини аниқ бажара олмади.
Мазкур учрашувда “Шўртан-Леди” қуйидаги таркибда ҳаракат қилди: Наргиза Маҳмудова, Юлдуз Шодиева, Бахтишода Тўхтаева, Улдона Тўхтаева, Ҳусния Ганчева, Сайёра Жиянбоева, Сарвиноз Назарова, Сайёра Нурматова, Гулираъно Толмасова (Гулзода Саидова, 83), Мухлиса Мирзаёрова, Феруза Раҳмонова.