КУБОКНИ ТОШКЕНТГА ОЛИБ КЕЛИШИМИЗ КЕРАК.

Хабарингиз бор, Дубайдаги «Armani Hotel» меҳмонхонасида Осиё Кубоги-2019 мусобақасига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди.

Қуръа давомида барча иштирокчи жамоалар гуруҳдаги рақибларини билиб олишди. Маълумот учун, келаси йилнинг 5 январидан то 1 февралга қадар давом этадиган мусобақада тарихда илк бор 24та жамоа қатнашади.

Тадбир давомида Осиё Кубоги ғолибига бериладиган янги кубок ҳам намойиш этилди. Кубокни меҳмонхонага 1996 йилги Осиё чемпионатида БАА терма жамоаси сафида порлаган собиқ футболчи Зубайр Бахит олиб келди. Ушбу соврин Лондонда жойлашган машҳур Томас Лайт заргарлик уйи томонидан ясалган.

ОФК расмий сайтининг ёзишича, кубокни ясаш учун 450 соат вақт керак бўлган ва мазкур соврин устида 12 нафар уста иш олиб борган. Кубокнинг бўйи 78 см, эни 42 см. Оғирлиги 15 кг.ни ташкил этади.

Хуллас нима бўлган тақдирда ҳам навбатдаги Осиё Кубогида жамоалар мана шу соврин учун кураш олиб боришади. Қанийди бизнинг ҳам омадимиз келиб янги совриннинг илк соҳиби сифатида кубокни Тошкентга олиб келсак. Айтишади-ку, яхши ният – ярим мол.

Х.Холиқов.

Манба:championat.asia

Leave a Reply