Жорий мавсум ўз олдига юксак мақсадларни қўйган «Навбаҳор» ортда қолган икки турдан кейин пешқадамлар сафида бормоқда.
Стартда «Металлург» меҳмони бўлиб, дурангга имзо чекишган «лочинлар» 2-тур ўйинини Олмалиқда ўтказиб, АГМКни мағлубиятга учратишди – 2:1.
Бу ғалабада бош ролни ярим ҳимоячи Азиз Турғунбоев бажарди. У аввалига жарима зарбасини чиройли тарзда амалга ошириб, ҳисобни очди, кейин эса ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтда Дилшод Жабборов голига ҳаммуаллифлик қилди.
– Азизбек, Суперлиганинг икки тури ортда қолди. Бу борадаги дастлабки хулосаларингиз…
– Суперлига ўз номига яраша қизиқарли ва шиддатли ўйинлар билан бошланди. Энди учрашувлар натижасини олдиндан башорат қилиш қийин.
Мана, «Металлург»нинг «Локомотив» майдонидан очко билан қайтиши, ўз таркибини сезиларли даражада кучайтирган «Пахтакор»нинг «Бунёдкор»дан мағлубиятга учрашини ким ўйлаганди? Демакки, Суперлига иштирокчилари куч жиҳатидан бир-бирига яқинлашди.
– «Навбаҳор» сафарда «Металлург» ва АГМК клубларига қарши баҳс олиб бориб, 4 очко олди. Бу рақиблар ҳақида нима дея оласиз?
– Бекободликлар илк ўйинга жуда яхши тайёргарлик кўришганини исботлашди. Табиийки, биз ғалабани кўзлаган ҳолда майдонга тушгандик. Аммо вазиятлардан фойдаланолмадик. Бундан ташқари, майдон сифати ҳали талаб даражасида эмаслиги ҳам ўйинимизга таъсир кўрсатди.
АГМК эса 1-турда «Бунёдкор» майдонида чакки ўйнамаганди. Шунга мувофиқ, Олмалиқдаги учрашувга жиддий ёндашдик. Зеро, клуб раҳбарияти ва ортимиздан келган мухлислар ишончини оқлаш учун ютишимиз шарт эди. Худога шукр, ҳаракатга яраша 3 очко олдик.
– Бу учрашувда жарима нуқтасидан берилган қойилмақом зарба билан ҳисобни очдингиз. Ғалаба голи урилган вазиятда эса бурчак зарбасидан тўпни Дилшод Жабборовга қулай тарзда етказиб бердингиз.
Кўринишидан, маш-ғулотларда стандарт вазиятлар ижроси устида алоҳида шуғулланасиз, чоғи.
– Ҳа, шундай. Ўтган мавсум ҳам айрим ҳолларда стандарт вазиятларни амалга оширдим. Энди эса «стандарт»ларни кўпроқ менга ишониб топширишмоқда.
Тўғри, жамоамиз сардори Дилшод Жабборов ҳам бу борада устаси фаранг. Хуллас, кимнинг тепиши қайси нуқтада жарима зарбаси белгиланишига боғлиқ. Бу борада Дилшод ака билан келишиб иш тутяпмиз.
– Умуман, Олмалиқда жарима нуқтасига ишонч билан талпиндингиз. Хўш, гол уришингизга нечоғли ишонган эдингиз?
– Очиғи, зарбам чиройли ва аниқ чиқишини қалбан сездим. Шунинг учун тўп олдига боришда сира иккиланмадим. Муҳими, ички сезгим панд бермади.
– Қизиқ, стандарт вазиятларни мукаммал ижро этиш масаласида қайси футболчиларни кузатиб, улардан ўзига хос сабоқ оляпсиз?
– Замонавий футболда жарима зарбасини тепиш борасида «Барселона» етакчиси Лионель Мессига тенг келадиган йўқ, менимча. Шунингдек, «Реал» ҳужумчиси Криштиану Роналду ҳам «стандарт»дан самара чиқаришга уста.
Уларнинг зарбаларига диққат билан қарасангиз, аниқлик, куч ва техника уйғунлигини пайқайсиз. Лекин кўриш бошқа, амалда бажариш бошқа.
Демоқчиманки, ҳавас қилиш билан иш битмайди, бу борада фақат тинимсиз уринишлар орқали мукаммалликка эришиш мумкин.
– Умуман, жорий мавсум нечта гол уришни кўзлаяпсиз?
– Нечта? Сон муҳим эмас, голларим жамоамга қўл келса, бас. Тўғри, ҳар бир рақиб дарвозабонини доғда қолдирсам, яна яхши. Тушунарлики, гол уришда охирги узатма жуда муҳим.
Умид қиламанки, ярим ҳимоядаги шерикларим – Дилшод Жабборов, Аъзам Алиев ва Остон Ўрунов мени ҳам қулай узатмалар билан таъминлаб, голларим сони ошишига ҳисса қўшишади.
– «Навбаҳор» таркибида бир қатор янги футболчилар бор. Улар қандай таассурот қолдиришмоқда?
– Янги жамоадошларимнинг юқори савияга эга эканликлари сезилиб турибди. Мана, улар дастлабки 2та ўйинда ўз маҳоратларини имкон қадар намойиш этишди. Ҳозир таркибимиз чакки эмас ва ўйлайманки, олдимизга қўйилган вазифани бажара оламиз.
– Ўтган мавсум 77-рақам остида тўп сурган ва буни «7»ни ёқтиришингиз билан изоҳлагандингиз. Бу йил эса 10-рақамни олдингиз…
– Ҳа, 7-рақам кўнглимга яқинроқ. Аммо «10» – буюклик нишонаси. Дейлик, Пеле, Диего Марадона ва яна кўплаб юлдузлар бу рақам обрўсини кўтариб қўйишган. Демак, энди 10-рақамга муносиб ўйнашим шарт.
– «Навбаҳор» Суперлига 3-турида амалдаги чемпион – «Локомотив»ни қабул қилади. Бўлажак ўйиндан нималар кутяпсиз?
Манба: www.uff.uz