Ўзбекистон миллий жамоаси ярим ҳимоячиси Сардор Рашидов маълум танаффусдан сўнг яна ички чемпионатимизга қайтди.
БААнинг «Ал-Жазира» клуби билан шартномани бекор қилган Рашидов «Локомотив» билан келишувга эришди.
У ОЧЛ гуруҳ босқичидан ўрин олган расмий учрашувларда майдонга тушиб, ҳатто гол уришга ҳам улгурди. Сардор амирлик жамоасидан аввал Қатарнинг «Ал-Жаиш» клуби шарафини ҳимоя қилганди.
«Ал Жазира»да эса асосий вақтини захира ўриндиғида ўтказаётганди. Бундай вазиятда энг мақбул йўл клубдан кетиш эди. Рашидов амалда шундай қилди.
Яқинда матбуотда унинг Францияга йўл олиши ҳақида ҳам ёзишди. Интервью беришни бироз хушламайдиган футболчимиз билан айни мана шу мавзулар юзасидан суҳбатда бўлдик.
– Сардор, «Локомотив»га мослашиш жараёни қийин кечмадими?
– Йўқ. Фаолиятимнинг катта қисми Ўзбекистон чемпионатида ўтган. Боз устига, «Локомотив»да дўстларим кўп. Шу боис, жуда тез мослашиб олдим.
– Нима учун айнан «Локомотив»ни танладингиз? Танлов учун бошқа вариантлар ҳам бормиди?
– Бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Биринчидан, «Локомотив» амалдаги Ўзбекистон чемпиони ва кубоги соҳиби ҳисобланади. Жамоа икки йилдан бери бу унвонларни ўзида сақлаб келмоқда.
Иккинчидан, у мамлакатимизнинг айни пайтдаги энг кучли клуби. Учинчидан, бу клуб ОЧЛда иштирок этяпти.
«Локо»га ўтишимнинг асосий сабабларидан бири ҳам айнан шу бўлди. Ўзимни Осиёнинг клублар миқёсидаги энг нуфузли турнирида синаб кўрмоқчиман.
– Ўзбекистон чемпионатига қайтиш орқали молиявий томондан ютқаздингиз. Бундан афсусда эмасмисиз?
– Афсусланишга ҳожат йўқ. Футболчи фақат пулни ўйласа, ўйини ўхшамай бораверади. Мен яна ўзимга келиб, ўзбек футболи ривожига ҳисса қўшишни истайман.
– «Ал-Жазира»дан кетишингизга мураббийлар билан юзага келган келишмовчилик сабаб бўлди, деб эшитдик. Бу маълумот қанчалик ҳақиқатга яқин? Клуб президенти билан бу борада гаплашиб кўрмадингизми?
– Ҳа, ушбу маълумотни тасдиқлайман. «Ал-Жазира» мураббийи менга жуда кам имкон берди. Ўша имкон берилган ва ишонч билдирилган ўйинларда гол урдим, голли узатмаларга муаллифлик қилдим.
Очиғи, бу мураббийни умуман тушунмадим. Майли, энди муҳокама қилгандан фойда йўқ. Сиз айтгандек, клуб президенти билан муносабатларим яхши эди. «Ал-Жазира»га ўтишимда ҳам шу раҳбарнинг ҳиссаси катта бўлганди.
У қолишимни истади, мен эса футбол ўйнашни хоҳладим. Шу тариқа шартномани бекор қилдим.
– «Ал-Жазира»дан кетиш учун шартномани бир томонлама бекор қилиш ва трансферингизни сотиб олишингизга тўғри келибди. Шу ростми? Клуб расмийлари сиз билан осонликча хайрлашмагандирлар?
– Йўқ, бу нотўғри маълумот. «Ал-Жазира» менинг трансферимни «Ал-Жаиш»дан сотиб олганди. Шунинг учун ҳам улар кетишимдан бироз ранжишди. Чунки мени харид қилиб, 5 ойдан кейин текинга қўйиб юборишларига тўғри келди.
Бу ерда ҳамма ишни мураббий қилди. Менга эса фарқи йўқ эди. Агар ўзи астойдил хоҳлаганида, мени майдонга туширарди. Лекин у бу йўлдан бормади. Менга эса мазкур ҳолат тўғри келмасди.
Тушунинг, ахир захира ўриндиғида ўтирадиган ёшда эмасман. Шу сабабли ҳам шартномани бузишдан ўзга чора топа олмадим.
– «Локомотив» билан имзоланган шартномада хориж клубидан таклиф тушса, сизни қўйиб юборишлариҳақида банд борми?
– Ҳа, бор.
– «Ал-Жаиш»нинг собиқ мураббийи Лямуши бугунги кунда «Ренн» клубида ишлаяпти. Шу маънода сизнинг айнан Франция чемпионатига йўл олишингиз мумкинлиги ҳақида гап-сўзлар болалади.
Лямушининг ўзи билан бу ҳақда гаплашдингизми? Бу трансфер ёзда амалга ошармикан?
– Худди шундай. Мен Лямуши билан доимо алоқада бўлиб, телефон орқали гаплашиб тураман. У менга ёзгача кутишимни ва катта эҳтимол билан ўша трансфер бозори чоғида «Ренн»га ўтишимни айтди.
Насиб қилса, Францияга бораман. Мабодо, бу трансфер амалга ошмай қолган тақдирда, бошқа хориж клублари билан музокараларга киришаман.
– «Локомотив» ОЧЛ 2 – 3-турларини Эронда «Зоб-Оҳан», Қатарда «Дуҳайл»га қарши ўтказиб, имкониятни бой берди. Бу мағлубиятларга нима сабаб бўлди?
– Очиғини айтсам, сафардаги ўйинлар биз учун кутилганидан ҳам қийин кечди. Шуни ишонч билан айта оламанки, Тошкентдаги жавоб учрашувимиз умуман бошқача тарзда ўтади. Ишончли ғалаба учун боримизни берамиз.
– «Локомотив» «плей-офф» йўлланмасини қўлга кирита оладими?
– Бу – футбол. Гуруҳимиздаги тўрттала жамоа олдига ҳам «плей-офф» босқичига чиқиш вазифаси қўйилган. Албатта, бор эътиборимизни кейинги ўйинларга қаратиб, бошқа очко йўқотмасликка ҳаракат қиламиз.
Бизда ҳали расман мавсум бошлангани йўқ. Эрон ёки бошқа араб давлатларида эса чемпионат энг қизғин паллага кирган. Бу ҳолат рақибларимизга қўл келади.
– Ўзбекистон Суперлигаси бошланди. Янгиланган чемпионатдан нималар кутяпсиз?
– Шак-шубҳасиз, бу йилги чемпионатимиз жуда қизиқарли, курашларга бой тарзда ўтади. Ҳар бир жамоа майдонга фақат ғалаба илинжида чиқади.
InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.