Аёллар футзали бўйича пойтахтда давом этаётган мамлакат чемпионатининг учинчи кун ўйинлари ниҳоясига етди.
Уч тур якунига кўра барча рақибларини йирик ҳисобларда енгган Қаршининг “Севинч” жамоаси юз фоизли натижа билан турнир жадвалида пешқадамлик қиляпти. “Металлург” жамоаси ҳам юз фоизли натижа қайд этган, бироқ бекободликлар бугун дам олишгани учун жадвалда иккинчи ўриндан жой олиб турибди.
Мухлислар учун бугунги қизиқарли ўйинлардан бири “Пахтакор” ва АГМК ўртасида кечиши кутилганди. Сабаби, ҳар иккаласи ҳам “Севинч” ва “Металлург”дан мағлубиятга учраганди, ўзаро ўйинда кимнинг нималарга қодирлигини аниқлаш мумкин эди. Бироқ “Пахтакор” рақибига нисбатан кучлироқ эканлиги учрашув давомида ҳам, ҳисобда ҳам ўз аксини топди. Рустам Орипов, Нўъмон Нурматов каби яқин ўтмишнинг уста футболчилари устозлик қилаётган “Пахтакор” олмалиқлик рақибаларига ҳеч қандай имконяит қолдирмади.
АГМК учала ўйинда ҳам дарвозасидан ўндан зиёд тўплар ўтказиб юборди. Майдонда ҳали тажриба орттириб улгурмаган, 15-16 ёшли қизларнинг тўп тепишларини кузатган мухлис АГМКни “қолоқликда” айблаши даргумон. Аммо жамоа АГМКнинг ўринбосарлар гуруҳи эканлиги, асосий таркиб футболчилари Илҳом Ханжариев бош мураббийлигида катта мавсумга жиддий тайёргарлик кўраётганини инобатга олсак, футзалчи қизларнинг ҳар қандай натижаларини олқишлар билан кузатишига шубҳа қолмайди.
Турнинг асосий ўйини эртага бўлиб ўтади. Чемпионликка бош даъвогар икки клуб – “Севинч” ва “Металлург” ўзаро куч синашишади. Ўйин “Ёшлик” спорт мажмуасида соат 10.30да бошланади.
17 февраль
“Локомотив” – “Севинч” – 1:6
“Пахтакор” – АГМК – 11:2
3-турдан кейинги вазият:
1.”Севинч” 3 3 0 0 38-4 9
2.”Металлург” 2 2 0 0 24-1 6
3.”Пахтакор” 2 1 0 1 13-12 3
4.”Локомотив” 2 0 0 2 2-12 0
5.АГМК 3 0 0 3 3-51 0
Манба: pfl.uz