Кеча ЎзПФЛнинг расмий сайтида мазкур ташкилотнинг Логотипи эълон қилинди. Ўзбек дўпписини эслатувчи, миллийлик уфуриб турган суратда миллатимиз менталитети ва профессионализм уйғунлашган. Бу борада Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси Бош директори Омон Ғофуров расмий сайтга интервью берди.
– Қисқа вақт ичида футболимизда катта ислоҳотлар амалга оширилди. Юртбошимиз барчадан янгича ишлашни талаб қилмоқда, амалга ошириладиган барча ишлар, ислоҳотлар, янгиликлар пировардида халқ манфаатларига, аҳолининг мазмунли яшашига, самарали меҳнатлари эвазига мароқли дам олишларига хизмат қилиши лозимлигини қайта-қайта таъкидламоқдалар. Жумладан, Ўзбекистон футболида анча йиллардан буён йиғилиб қолган муаммоларни қисқа фурсатлар ичида ҳал қилиш учун тинимсиз ишлаш, кадрлар қўнимсизлигига барҳам бериш, ва албатта тизимни ривожлантириш учун кескин ислоҳотларни амалга ошириш талаб қилинганди. Янгилик яратиш, ижобий ўзгаришларни амалга ошириш учун эса эскиларидан воз кечиш зарур эди. Шунинг учун ҳам янги раҳбарият федерация фаолиятини тубдан ўзгартиришга бел боғлади. Аввало 25 йилдан бери қўлланилиб келинган мусобақа тизими тубдан ўзгартирилди, мусобақа Регламенти ҳам янгитдан таҳрир қилинди, клубларга, футболчи ва мураббийларга талаблар кучайтирилди, болалар, аёллар ва оммавий футболга, футзал ўйинларига муносабат ўзгарди, эътибор кучайтирилди. Ислохий ишлардан навбатдагиси сифатида ЎзПФЛнинг расмий логотипини ҳам янгиладик ва кечадан эътиборан ҳаётга тадбиқ этдик.
– Логотипнинг айнан шундай шакл ва кўринишда бўлишининг боиси нимада?
– Ўтган йилнинг охирларида, миллий чемпионат якунига кам вақт қолган пайтда 2018 йилги мавсумда миллий чемпионат тизими ўзгартирилиши, Олий лига ўрнида Суперлига, биринчи лига ўрнида Про-лига мусобақалари ўтказилиши, жамоалар сони ҳам камайтирилишини эълон қилдик. Булардан кўзланган мақсад ҳақида яна такрорлаб ўтирмоқчи эмасман. Тизим ўзгаргандан кейин унинг расмий логотипина ҳам янгилашга эҳтиёж туғилди. Бунинг учун шаффофликни таъминлаш мақсадида танлов эълон қилдик. Ўтган икки-уч ой мобайнида ташкилотимизга кўплаб логотип чизмалари келиб тушди – уларнинг орасида электрон ҳолати, рангли-рангсиз чизмалари ҳам бор эди. Бу жараённи ҳаққоний ташкил этиш мақсадида тузилган махсус гуруҳ аввалига учта номзод чизмаларни аниқлаб олди, якуний босқичда эса махсус гуруҳнинг кўпчилик овозига кўра айнан сиз кўриб турган логотип танлаб олинди. Айнан шу номзодга тўхталишимизнинг боиси, чизмада миллийлик уфуриб турибди, бир қарашда дўппимизни эслатувчи шакллар ҳар қандай кишининг этиборини тортишига, кайфиятини кўтаришига шубҳамиз йўқ.Ўртадаги копток ва унда ташкилотимиз номининг акс эттирилишида ҳам маъно бор. Энг муҳими, оддийликдан, анъанавийликдан ҳоли бўлинган. Танловдаги чизмалар орасида оддий думалоқ, учбурчак, қалқонсифат ва яна кўплаб шаклдаги чизмалар бор эди, мутахассисларнинг эътибори эса айнан шунга тушди. Менимча, тўғри қарор қабул қилинган.
– Демак, мазкур логотип энди барча профессионал клублар фаолиятига жорий қилинади, шундайми?
– Фақат профессионал клублар учун эмас, Суперлигадан ташқари, Про-лиганинг профессионал клублари, ярим ҳаваскор клублари, аёллар ва футзал жамоалари, хуллас ЎзПФЛ байроғи остида фаолият юритувчи барча ташкилотларга, спорт тадбирларига тадбиқ этилади. Суперлига ва Про-лига жамоалари футболчилари спорт кийимларида, клубларнинг расмий хатида, стадион баннери ва бошқа фаолиятида ушбу логотип акс эттирилади.
– Логотипни баннер ва рекламаларга жойлаштиришда бошқа ранглардан ҳам фойдаланса бўладими?
– Айнан кўк рангини танлаганмиз, демак шу рангдан чиқмасликни тавсия этамиз.
– Суперлига клубларининг номи маълум бўлди, Про-лига жамоалари борасида қачон янгилик бўлади?
– Мутахассисларимиз Про-лига жамоалари фаолияти билан деярли танишиб бўлишди, аввалги Олий лига мақомини берувчи лиганинг савияси албатта юқори бўлиши лозим. Шунинг учун бу номга мос жамоалар устида ишлаш, уларни саралаб, талабга жавоб берадиганини Про-лигага тавсия этиш ишлари бироз вақт талаб этди. Аммо барча ишлар деярли якунига етиб қолди, жамоалар номи ҳам аниқлаб олинди. Фақат сўнгги масалалардаги ишларни якунлаш ва Про-лига иштирокчилари номини эълон қилиш қолди холос. 2-3 кун ичида мухлисларимиз бу хабардан ҳам воқиш бўлишади.
Манба: pfl.uz