«Пахтакор» клуби бугун БААнинг Дубай амирлигига етиб келди ва навбатдаги ўқув-йиғин машғулотларини бошлаб юборди.
Кеча Тошкентдан Дубай сари йўлга чиққан жамоа тушлик пайтига яқин йиғин давомида истиқомат қиладиган «The Meydan» меҳмонхонасига етиб келди. Тошкент вақти билан соат 19:00да «Nad Al Sheba» спорт мажмуасига қарашли майдонда биринчи машғулот ўтказилди. Унда Дубайга етиб келган 24 футболчининг барчаси иштирок этди.
Дастлаб футболчилар Ласло Ямбор бошчилигида қизишиб олиш машқларини бажаришди. Шундан сўнг жамоа бош мураббийи Шота Арвеладзе жамоани иккига ажратди. Ўйинчилар тўпни қўл билан бир-бирларига етказиб, бош билан гол уришга ҳаракат қилишди. Бу машғулот футболчиларнинг жуфт-жуфт бўлиб футбол ўйнаши орқали давом эттирилди. Ушбу машқлар якунига етгач, тўпни аниқ ошириш, бўш ҳудудга очилиш ва тез ҳаракат қилиш жиҳатлари устида ишланди. Машғулот икки томонлама қисқа учрашув билан тугади.
Дарвозабонлар эса Иброҳим Йилмаз қўл остида алоҳида шуғулланишди. Улар доимгидек учрашувда рўй берадиган турли ҳолатларга тайёр туриш мақсадида турли машқларни бажаришди.
Шу тариқа «Пахтакор» бир ярим соатга яқин вақт давомида биринчи машғулотини ўтказди. Биринчи назорат беллашуви 17 февраль куни «Жебел Али» майдонида «Ал-Дафра»га қарши бўлиб ўтиши режалаштирилган. Учрашув Тошкент вақти билан 17:00да бошланади.