“Локомотив”: 12 ёшли қизчага ёрдам берайлик

ЎзПФЛ ташаббуси билан бошланган “Саратондан соябон бўл” хайрия аксиясида “Локомотив” профессионал футбол клуби ҳам фаол иштирок этиш нияти борлигини маълум қилади.

Шу йилнинг 22 январ куни 12 ёшга тўлган Рўзибоева Шаҳзоданинг орзулари улкан. Унинг ҳам ўзи тенги қизлар билан чопқиллаб ўйнагиси, биргаликда мактабга боргиси ва дарс қилгиси келади.  Аммо 2017 йилнинг апрел ойидан бери бу қизча саратон касаллиги билан курашиб келмоқда.

Шаҳзоданинг Республика махсус онкология ва радиология тиббий марказида даволаниш амалиётини ўтаб, мунтазам шифокорлар кўригида бўлишга тўғри келяпти. Лекин унинг янада яхши даволаниши учун Москвага йўл олиб, Н.Н. Блохин номидаги миллий онкология марказида даволаниш муолажасини давом эттириши лозим бўлади.

“Локомотив” ПФК саратон хасталиги билан курашаётган 12 ёшли Рўзибоева Шаҳзодани қўллаб-қувватлайди ва унинг тез орада соғайиб кетиши учун қўлдан келганча ёрдам кўрсатади. Шу билан бирга муборак Рамазон ойида “Локомотив”га бефарқ бўлмаган саховатли кишиларни ҳам Шаҳзодага ёрдам қўлини чўзишларини сўраймиз.

Шундай улуғ ойда эҳсон қилмоқчи бўлган футбол ишқибозлари учун қуйида РўзибоеваШаҳзоданинг дадаси Маматкаримов Фарҳод Рўзибоевич номига очилган пластик карта рақамини келтириб ўтамиз.

Ким қанча ният қилса, кўнглидан келиб чиққан ҳолда дилига тугиб қўйган эҳсонини қуйидаги пластик карта рақамига ўтказиши мумкин.

Карта рақами: 8600 0423 5775 2319 (Маматкаримов Фарҳод Рўзибоевич)

Яхшилар, 12 ёшли қизчанинг тезроқ соғайиб кетиши учун озгина бўлса ҳам ўз ҳиссамизни қўшайлик.

17 май куни бўлиб ўтадиган CocaCola Суперлигасининг 9-туридан ўрин олган “Локомотив” – “Бунёдкор” учрашувига ташриф буюрадиган саховатпеша мухлислар учун стадионга кираверишда эҳсон қутиси ўрнатилади.

Бунда 12 ёшли қизчага ёрдам қўлини чўзмоқчи бўлган инсонлар ўз имкониятлари даражасида хайрия қилишлари мумкин. Эслатиб ўтамиз, “Локомотив” – “Бунёдкор” учрашуви жума куни бўлиб ўтади ва соат 18:45да бошланади.

Манба:pfl.uz

Leave a Reply