Март ойининг энг чиройли голи муаллифи – Драган Черан

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси 2018 йилги мавсумнинг ҳар ойидан кейин тўрт йўналиш бўйича энг яхшиларни аниқлаб келди: энг яхши мураббий, энг яхши футболчи, энг яхши дарвозабон ва энг чиройли гол. Ташкил этилган сўровнома якунларига кўра энг кўп овоз тўплай олган номзодлар ташкилотнинг энг яхшилар учун аталган статуэткаларини қабул қилиб олишди.

2019 йилги мавсумда ҳам мазкур анъанани давом эттирамиз. Жорий йилдан эътиборан Tribuna.uz  нашри ой лауреатларини аниқлашда ахборот ҳамкори сифатида иштирок этади. Artel  савдо белгиси эса ойнинг энг яхшиларига ўз смартфонларини тақдим этади.

Энг яхшиларни аниқлаш шартлари ўзгармайди. Coca  Cola  Суперлиганинг 14 клуби бош мураббийлари ҳамда сардорлари кўрсатилган номзодларни учталикка жойлаштириб чиқади. Дастлабки ўринда кўрсатилган номзод 3, мос равишда кейинги икки ўриндагилар 2 ва 1 очколик бўлади. Шунингдек, Tribuna.uz  нашри футбол мухлислари ўртасида сўровнома ўтказади. Бунда мухлислар овози катта аҳамиятга эга бўлиб, биринчи ўринни эгаллаган номзод 6, мос равишда кейингилар 4 ва 2 очкодан қўлга киритади. Якунда энг кўп балл тўплаганлар ойнинг энг яхшилари сифатида эътироф этилади.

Ортда қолган март ойида Coca  Cola   Суперлига-2019 старт олди. Суперлига доирасида жамоалар 2 та тур ўйинларини ўтказишди. Мазкур учрашувлар давомида бир қатор киритилган чиройли голлар мухлис-у мутахассислар олқишига сазовор бўлди.

Март ойининг энг чиройли голини аниқлаш мақсадида ташкил этилган сўровномада “Пахтакор” жамоаси тўпурари Драган Чераннинг “Локомотив” жамоаси дарвозасига киритган иккинчи голи энг кўп овоз йиғди. Мазкур гол иккинчи поғонадан жой олган Ислом Кенжабоевнинг “Сўғдиёна”га урган голидан 4 очкогагина илгарилаб кетди.

Манба:pfl.uz

Leave a Reply