Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси мажлислар залида Суперлига клублари маркетинг бўлими ходимлари учун семинар бўлиб ўтди.
Семинар Осиё Футбол Конфедерациясининг стратегик режалаштириш, маркетинг ва инфратузилма масалалари бўйича йўриқчиси Элнур Мамедов ҳамда ОФКнинг Лигаларни ривожлантириш қўмитаси Марказий ва Жанубий Осиё бўйича вакили Йогеш Десаи томонидан ўтказилди.
Унда клубларда маркетинг бўйича олиб бориладиган чора-тадбирлар, мухлисларни стадионларга жалб қилиш, ҳомийлар билан ишлаш, бунинг учун аҳамият қаратиш керак бўлган жиҳатлар ҳақида сўз юритилди.
Профессионал футбол лигаси ҳомий ташкилотлар билан ишлаш борасида охирги 2 йил ичида катта ўсишга эришгани, натижада 2 йилдан бери Суперлига титул ҳомийга эга бўлаётгани, қолаверса, телетрансляциялар сифати ошиб, футбол жамоатчилигининг миллий чемпионатимизга қизиқиши ва эътибори ортаётгани ОФК вакиллари томонидан алоҳида таъкидланди.
Семинарда кўрилган асосий масалалар – Суперлиганинг ҳар бир клуби ҳомий ташкилотлар билан янада яқин алоқаларни йўлга қўйишида эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар, шунингдек, клублар ишқибозлари сонини кўпайтириш, стадионга ташриф буюрадиган мухлислар сонини орттиришда клубнинг ўз брендига эга бўлиши муҳим экани муҳокама этилди. Жумладан, клуб ўз брендини ривожлантиришда биринчи галда чиройли ва эътиборни тез тортадиган логотипга эга бўлиши, ўз тимсоли, маскот ва мадҳиясига эга бўлиши, маскот учрашувлар вақтида ишқибозларни янада руҳлантириб, севимли жамоаларини қўллаб-қувватлашга ундаши, клуб мадҳияси эса барча томонидан жўр бўлиб куйланиши ва стадионда ўйин олдидан ва танаффус вақтида жаранг сочиши лозимлигига алоҳида урғу берилди. Яна клубларнинг дўконлари фақатгина ўйин куни эмас, балки ҳафта давомида фаолият кўрсатиши клубнинг ўз ишқибозлари билан яқинлашишига сабаб бўлиши таъкидланди.