Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси ўз олдига қўйган асосий вазифалардан бири – мухлисларга манзур бўладиган томошабоп ва қизиқарли, рақобатга бой чемпионат ташкил этиш ҳамда бу орқали стадионларга ишқибозлар ташрифини кўпайтиришдан иборат саналади.
Ўтган 2018 йилги мавсумда стадионларга янада кўпроқ томошабин жалб этиш, ишқибозларнинг миллий футболимиз ва чемпионатимизга бўлган қизиқишини ошириш мақсадида қатор тадбирлар амалга оширилди.
Стадионларда оилавий секторлар ташкил этилди, жамоалар стадионларида ўз расмий дўконларини ишга туширишди, учрашувлар олдидан элимиз суйган санъаткорлар томонидан турли концерт дастурлари ва акциялар ўтказиш йўлга қўйилди, рамазон ойи вақтида томошабинларга бепул ифторликлар ҳам тақдим этилди. Натижада 2017 йилги мавсум билан солиштирганда 2018 йилги мавсумда миллий чемпионатимизнинг ҳар бир ўйинига ташриф буюрадиган мухлислар ўртача сони деярли 2 бараварга ошди (ўртача ҳар бир учрашувга келган мухлис сони: 2017 йилда 4386 нафар томошабин; 2018 йилда эса8050 нафар томошабин).
Профессионал Футбол Лигаси мазкур ташаббусни 2019 йилда ҳам давом эттиради. Яқинда старт олган янги мавсумда ички чемпионатимизга бўлган қизиқишни янда орттириш ва стадионларга имкон қадар кўпроқ ишқибозлар келишини таъминлаш мақсадида амалга ошириладиган лойиҳалар режаси ишлаб чиқилгани ҳақида олдинроқ маълумот берган эдик.
Унга кўра, ҳар бир клубнинг штат жадвали асосида ишга олинган мухлислар клубиетакчисига янада кўпроқ масъулият ва ваколатлар тақдим этилди. Мухлислар клубиетакчилари олдига қўйиладиган асосий вазифа эса – ўз севимли жамоаси ихлосмандларини янада кўпайтириб, уларни ягона фан-клубга бирлаштириш бўлади. Бу борада етакчиларга клуб ва ПФЛ томонидан амалий кўмак кўрсатилади.
Қолаверса, ўтган мавсумда талаб қилинган, аммо ижроси айрим клублар томонидан пайсалга солинган клуб рамзи (маскот) ва мадҳиясини ишлаб чиқиш масаласи ҳам 2019 йилдан эътиборан мажбурий бўлади. Эндиликда ҳар бир клуб (агар клуб рамзи ёки мадҳияси мавжуд бўлмаса) клуб номи, жойлашган шаҳри, клубнинг асосий ранглари, унга мухлислик қиладиган аудиториядан келиб чиққан ҳолда ўз рамзи ҳамда мадҳиясини ишлаб чиқиши лозим. Бу орқали CocaCola Суперлига-2019 ўйинлари мобайнида ўйиндан олдин, танаффус вақтида ва учрашувдан сўнг стадионда клубнинг ўз мадҳияси янграши таъминланади. Зеро ҳар бир жамоанинг ўз рамзи ва мадҳиясига эга бўлиши – ушбу жамоани қўллаб-қувватловчи мухлисларни янада жипслаштириши жаҳон тажрибасидан маълум. Бу борада клублар қандай иш олиб бораётгани билан навбатма-навбат таништиб борамиз.
Ортда қолган Coca Cola Суперлига 1-тур учрашувлари орасида энг кўп мухлис “Пахтакор” – “Локомотив” ўйинига ташриф буюрди. Тошкент дербисини “Пахтакор” стадионида бевосита 17550 нафар томошабин кузатиб борди.
Бугун “Пахтакор” клубининг мухлислар билан ишлаш бўйича амалга ошираётган лойиҳалари ҳақида тўхталиб ўтамиз.
Клуб матбуот хизмати раҳбари Беҳзод Назаровнинг таъкидлашича, “Пахтакор” ҳамиша мухлисларга қулайлик яратиш, уларнинг стадионга кўпроқ келишини, жамоасини бевостида стадиондан туриб қўллаб-қувватлашини таъминлашга уриниб келади. Бу йўлда “Шерлар” жамоаси бир қатор лойиҳаларни мунтазам равишда ўтказиб келади.
Жумладан, клуб веб-сайтида, ижтимоий тармоқларида ўйиннинг афишалари навбатдаги учрашувдан 5-6 кун аввал берила бошланади. Қолаверса, шаҳар бўйлаб 200-500та атрофида кичик ва катта ҳажмдаги афишалар жойлаштирилади. Шаҳарнинг айрим кўчаларидаги кўзга тез ташланадиган жойларда ўрнатилган реклама баннерларида ҳам “Пахтакор”нинг навбатдаги уй учрашуви анонслари бериб борилади.
Шунингдек, клуб бир қатор ўқув юртлари билан ҳамкорликда ишламоқда ва талабаларга ўқишдан бўш пайтларда ўйинларга ташриф буюришлари учун бепул чипталар тақдим қилинмоқда.
“Пахтакор” клуби маркетинг хизмати бошлиғи Аваз Муталовнинг айтишича, “Пахтакор” ҳар йилгидек 2019 йилги мавсумда ҳам ўйинлар танаффуси вақтида ютуқли лотореялар ўйини ўтказиб боради. Шунингдек, ўйин олдидан ва танаффус вақтида элимиз суйган санъаткорлар иштирокида концерт дастурлари ҳам ташкил этилмоқда.
“Пахтакор”нинг расмий дўкони ҳам ҳафта давомида фаолият кўрсатади. Дўконда жамоа либослари, турли атрибутикалар савдоси мунтазам равишда олиб борилади. Унда клуб ишқибозлари севимли жамоасининг шарф ҳамда бошқа атрибутикаларини ҳарид қилиш имконига эгалар.
Яна бир жиҳатга алоҳида эътибор қаратиш лозим: Профессионал Футбол Лигаси барча клубларда ўз рамзи, мадҳияси бўлишини таъминлашга ҳаракат қилмоқда. Айрим клублар ушбу жиҳатга бироз масъулиятсиз ёндошаётган бир паллада, “Пахтакор” клуби жамоа маскоти ҳамда мадҳиясини яратиш бўйича барчага ўрнак бўла оладиган тарзда иш олиб бормоқда.
Ушбу клубда маскот – “Леао” номли шер анча вақтдан буён мавжуд. Жорий мавсумдаги ўйинларда ҳам ушбу маскот ўйин давомида турли секторларга мурожаат қилиб, ишқибозларни севимли жамоаларини янада қизғин қўллаб-қувватлашга чорламоқда.
Шунингдек, “Пахтакор” жамоаси 2019 йилда ўз ишқибозларига яна бир янги клуб мадҳиясини тақдим этди. DJ PILIGRIM томонидан куйланган мазкур мадҳия кўпчилика манзур бўлгани бор гап.
Умумий қилиб айтганда, “Пахтакор” клуби ўз ишқибозлари сафини кенгайтириш, асл мухлислари сонини орттириш, уларни стадионга келишларини таъминлаш борасида мақташга арзигулик тарзда иш олиб бормоқда.
Қолган клубларнинг ҳам бу борадаги фаолияти хусусида навбатма-навбат маълумот бериб борамиз.
Манба:pfl.uz