Юртимизда янги футбол мавсуми старт олишига ҳам борган сайин оз муддат қолмоқда.
Биласиз, янги мавсумни Ўзбекистон Суперкубоги учун ўтказиладиган ўйин очиб беради. Суперкубок учрашувида мамлакатимизнинг амалдаги чемпиони – “Локомотив” ҳамда 2018 йилги Ўзбекистон кубоги соҳиби – АГМК жамоалари соврин учун кураш олиб боришади.
Ўзбекистон Суперкубоги-2019 ўйини 23 февраль куни бўлиб ўтади. Беллашув пойтахтдаги “Пахтакор” стадионида ўтади. Ўйин 16:00 да старт олади ва “Спорт” телеканали орқали тўғридан-тўғри эфирда намойиш этилади.
Учрашувдан бир кун аввал ҳар иккала жамоа бош мураббийлари иштирокида матбуот анжумани ҳам ташкил этилади. Шунингдек, ўйин бошланишидан олдин ва танаффус вақтида юртимизнинг эл суйган санъаткорлари иштирокида концерт дастури ва турли тадбирлар ташкил этилиши кўзда тутилган. Жумладан, эстрадамиз ёрқин юлдузлари – Шаҳзода, Лола ва бошқа машхур хонандалар иштирокидаги ўйинолди концерт соат 14:30дан бошлаб стадионга ташриф буюрувчи мухлислар эътиборига ҳавола этилади.
Яна бир қувонарли жиҳат шундаки, ишқибозлар шу куни Суперкубок ўйинига бепул тарзда кириш имкониятига эга бўлишади. Ўйин учун чиқариладиган чипталар таклифнома тарзида “Пахтакор” стадиони кассаларида мухлисларга бепул тарзда тақдим этилади.
Таъкидлаб ўтамиз, Ўзбекистон Суперкубоги-2019 учрашуви Туркиянинг KOC Elektrik ASкомпанияси бош ҳомийлиги остида кечади.
Манба:pfl.uz