Ўзбекистонда янги футбол мавсуми старт олишига борган сайин оз муддат қолмоқда.
Жамоа ўйинчи ва мураббийлари қатори клубларнинг бошқа ходимлари ҳам янги мавсумга қизғин ҳозирлик олиб боришмоқда. Клубнинг мавсум давомида учрашувларни юқори даражада ўтказишида матбуот хизматининг ўрни ҳам беқиёс.
Шуни инобатга олган ҳолда Профессионал Футбол Лигаси Суперлига ва Про-лига клублари матбуот хизмати вакиллари учун семинар ташкил этди. Семинар давомида клублар медиа-бўлими вакилларининг ўтган мавсум қилган ишлари сарҳисоб қилинди ва янги мавсум учун режалар муҳокама этилди.
2019 йилдан эътиборан ҳар бир клуб матбуот хизматида матбуот котибидан ташқари ижтимоий тармоқлар билан ишлайдиган ва бевосита расмий сайтни юритувчи администратор ҳамда фотосуратчи ҳам фаолият олиб бориши шарт, этиб белгиланди. Зеро ҳозиргача деярли барча клублар матбуот хизмати ишини бир нафаргина ходим юритиб келган. Натижада айрим клублар ўйинлари ёритилишида камчиликлар, хусусан, фотосурат етишмаслиги, ўйин учун бошланғич таркиб ёки ўйиндан сўнг учрашув натижаси ҳақида хабарлар клуб сайтига жойланиши кўпинча кечиккан.
Шу жиҳатларни инобатга олган ҳолда янги мавсумдан эътиборан ҳар бир клуб ўз матбуот хизмати фаолиятини тўғри йўлга қўйиши тартибга солинади ва бу лицензиялаш жараёнида албатта текширилади.
Семинар давомида янги мавсумда учрашувларни кенг ёритиш, ўйин ичидаги ва унинг атрофидаги воқеаларни мухлислар эътиборига тезкорлик ва чиройли тарзда етказиб беришда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар тушунтирилди. ЎзПФЛ ва клублар матбуот хизматлари ҳамкорликда амалга оширадиган лойиҳалар бафуржа муҳокама этиб олинди.
Жумладан, ўтган мавсумларда айрим клублар мавсумолди фотосессияни анча яхши ўтказган. Баъзи жамоалар эса футболчи ва мураббийлар иштирокида фотосессия ташкил этиш масаласига эътиборсиз қарашган. Клуб матбуот хизмати мавсум давомида фойдаланиши учун ўйинчилар ва мураббийлар штаби мавсум стартидан олдин фотосессияда қатнашиши бутун дунёда бор тажриба. Шуни инобатга олган ҳолда, Профессионал Футбол Лигаси 2019 йилги мавсумда ушбу масъулиятни ўз зиммасига олади ва Суперлиганинг барча клублари ПФЛ матбуот ва ижтимоий тармоқлар билан ишлаш бўлими томонидан уюштириладиган фото ва видео-сессияда иштирок этишади.
Семинар давомида шу ва бошқа масалалар бафуржа муҳокама этилди. Якунда Суперлига ва Про-лига жамоалари матбуот хизмати вакилларига лицензиядан ўтиши учун сертификатлар топширилди.
Манба:pfl.uz