Бугун, 31 январь куни Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси “Миллий” стадиони мажлислар залида Суперлига профессионал футбол клублари учун маркетинг ва мухлислар билан ишлаш масалалари бўйича семинар ташкил этди.
Хусусан, ортда қолган мавсумда талаб қилинган, аммо ижроси айрим клублар томонидан пайсалга солинган клуб рамзи (маскот) ва мадҳияси (ёки шиори)ни ишлаб чиқиш масаласи ҳам янги – 2019 йилдан эътиборан мажбурий бўлади. Эндиликда ҳар бир клуб (агар клуб рамзи ёки мадҳияси мавжуд бўлмаса) клуб номи, жойлашган шаҳри, клубнинг асосий ранглари, унга мухлислик қиладиган аудиториядан келиб чиққан ҳолда ўз рамзи ҳамда мадҳиясини ишлаб чиқиши лозим бўлади. Бу орқали Суперлига-2019 ўйинлари мобайнида ўйиндан олдин, танаффус вақтида ва учрашувдан сўнг стадионда клубнинг ўз мадҳияси янграши таъминланади. Зеро ҳар бир жамоанинг ўз рамзи ва мадҳиясига эга бўлиши – ушбу жамоани қўллаб-қувватловчи мухлисларни янада жипслаштириши жаҳон тажрибасидан маълум.
Европанинг кўплаб жамоалари мухлислари клуб мадҳиясини учрашувлар вақтида ҳам ўз севимли ўйинчиларини руҳлантириш учун жўр бўлиб куйлашади. Ушбу анъанани бизнинг клублар ишқибозлари ўртасида ҳам шакллантириш устида иш олиб борилади. Бу борада ПФЛ томонидан керакли тавсиялар 2018 йил сўнггида клубларга берилди. Бироқ ҳозирча ҳеч бир клуб томонидан бу борада амалий ишлар бажарилгани йўқ. Клублар мавсум старт олгунига қадар бу борада иш олиб бориб, клуб рамзи, шиори ва мадҳиясини яратиш бўйича танловлар ўтказиши белгиланди.
2018 йилда клублар стадионлари ҳудудида ўз расмий дўконларини ташкил этишди. Ушбу амалиёт аксарият клублар учун энди-энди тадбиқ этилаётгани сабаб айрим камчиликлар кузатилди. Жумладан, кўп ҳолларда ишқибозлар ҳарид қилишни истаган клуб атрибутикалари сотиладиган дўконлар фақатгина ўйинлар вақтида фаолият кўрсатди, холос. Янги мавсумдан эътиборан ҳар бир клуб расмий дўкони ўйинлардан ташқари вақтларда ҳам мухлисларга хизмат кўрсатиши таъминланади. Қолаверса, стадионлардаги ўйинлар вақтида сотиладиган егулик ва ичимликлар нарҳи ҳам мақбул тарзда бўлиши назорат қилинади.
Шунингдек, Суперлига учрашувлари учун чиқариладиган чипталар эндиликда фақат стадион кассасидагина эмас, сайёр кассалар орқали одам гавжум жойларда ҳам сотилиши йўлга қўйилади.
Мухлислар билан ишлашни янада яхшилаш, жамоатчиликнинг миллий чемпионатимизга эътибори ва қизиқишини ошириш мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Маҳалла жамғармаси ва Ёшлар Иттифоқи, турли таълим муассасалари билан ҳамкорлик кенгайтирилиб, етакчи футболчиларнинг жойларга ташриф буюриши ва ёшлар билан турли давра суҳбатлари ўтказиши орқали уларни соғлом-турмуш тарзига тарғиб этиш ишлари янада кўпайтирилади. Шунингдек, ўйинлардан ташқари вақтларда стадионларга ва клублар музейларига ёшлар учун экскурсиялар ташкил этиш ишлари янада кўпроқ амалга оширилади.
Ушбу чора-тадбирларнинг барчаси 2019 йилда Суперлига учрашувлари вақтида стадионларимизга ишқибозлар ташрифи янада кўпайиши учун амалга оширилади.
Манба:pfl.uz