“Пахтакор” Акрам Комилов, Сардор Собирхўжаев ва Азиз Турғунбоевни ОЧЛ-2019 учун рўйхатдан ўтказди

Биласиз, келаётган мавсумда халқаро майдонда юртимиз шарафини 3 жамоа ҳимоя қилади.

Мамлакатимиз чемпиони – “Локомотив” ОФК Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичидан ўз иштирокини бошласа, Ўзбекистон вице-чемпиони “Пахтакор” ва кубок соҳиби АГМК мазкур мусобақага саралашдан киришади.

Саралаш баҳслари анча эрта бошлангани боисдан айни кунларда АГМК ва “Пахтакор” саралаш баҳсларида қатнашувчи ўйинчиларини расмий рўйхатдан ўтказиш жараёнини бошлади. Кеча АГМК жамоаси футболчиларини рўйхатдан ўтказган эди. Бугун “Пахтакор” жамоаси ҳам янги мавсум олдидан ўз сафига қўшиб олган ўйинчиларини рўйхатдан ўтказиш учун ариза топширди.

“Пахтакор” жамоаси ҳозирча 3 нафар янги ўйинчиларни рўйхатдан ўтказди. Булар – Акрам Комилов, Сардор Собирхўжаев ҳамда Азиз Турғунбоев. “Пахтакор” расмийлари ҳар учала футболчи билан ҳам тузилган шартномаларни тақдим қилди. ПФЛ эндиликда мазкур ўйинчилар рўйхатини Осиё Чемпионлар лигаси баҳсларида қатнашиши учун ОФКга тақдим қилади.

Алоҳида қайд этиш жоизки, қитъа Чемпионлар лигасидан фарқли равишда Ўзбекистон Суперлигаси учрашувларида “Пахтакор” сафида майдонга тушишда Сардор Собирхўжаевда асло муаммо бўлмайди. Лекин “Пахтакор” жамоаси Суперлигада ўйнаш учун футболчиларини рўйхатдан ўтказадиган пайт келганида ҳали 23 ёшга тўлмаган Акрам Комилов учун уни тарбиялаган “Бунёдкор” клубига пул ўтказиб берилгани тўғрисида маълумотнома тақдим этиши лозим бўлади.

Шунингдек, ПФЛ Азиз Турғунбоевнинг “Пахтакор” футболчиси сифатида рўйхатдан ўтказилиши жараёнида Тошкент клуби томонидан тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиб чиқди ва ҳозирча ушбу ўйинчининг “Пахтакор” сафида ўйнашига тўсқинлик қилувчи жиҳат кўраётгани йўқ. “Навбаҳор” клуби эса бундай шартномани рўйхатдан ўтказиш учун тақдим қилмади. Агар Азиз Турғунбоевнинг “Навбаҳор”дан “Пахтакор” сафига кўчиб ўтишида қандайдир қоида бузилиши аниқланса, унда қоида бузган тараф (футболчи ёки икки клубдан бири) албатта жазоланади.

Таъкидлаб ўтамиз, Ўзбекистон вице-чемпиони “Пахтакор” ОЧЛ-2019 саралаши иккинчи ўтиш босқичи доирасида 12 февраль куни ўз майдонида Ироқнинг “Эйр Форс” жамоасига қарши баҳс олиб боради.

Манба:pfl.uz

Leave a Reply