ЎзПФЛ BeCreative Media компанияси билан ҳамкорлик меморандуми имзолади

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси 2019 йилги мавсумни юқори даражада ўтказиш, Суперлига, Про лига, аёллар чемпионати ва футзал бўйича мусобақаларни юқори савияда ташкил этиш, ўйин ва ўйин атрофидаги воқеа-ҳодисаларни кенг қамровда ёритилишини таъминлаш борасида қизғин тайёргарлик олиб бормоқда.

Жумладан, янги мавсум олдидан Суперлиганинг барча клублари футболчи ва мураббийлари иштирокида марказлашган ҳолда умумий фото ва видеосессия ташкил этилади ҳамда мавсум давомида бир хил андозадаги фото ва видеоафишалардан фойдаланилади. Бу миллий чемпионатимизнинг ўз бренди ва унинг оммалаштирилиши, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда, телевиденияда ёритилиши жараёнида ўзаро ҳамоҳанглик касб этувчи чизма ва ранглар уйғунлигидан фойдаланиш имконини тақдим этади.

Қолаверса, Суперлига учрашувларига ишқибозлар эътиборини ошириш, учрашувлар ва уларда иштирок этувчи жамоалар ҳақида кўпроқ маълумотлар бериб бориш мақсадида ҳар тур олдидан видеоролик ва анонслар тақдим этиб борилиши йўлга қўйилади.

Мавсум давомида чемпионат учрашувларида ўзини кўрсатаётган футболчилар иштирокида қизиқарли видеоинтервьюлар, уларнинг машғулотлар жараёнидан репортажлар тайёрланиб мухлислар эътиборига ҳавола этилади.

Бу борада Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси BeCreative Media компанияси билан ҳамкорлик қилади. Бугун ҳар икки томон вакиллари ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзолашди. Ушбу компания вакиллари чемпионат учрашувлари кенг қамровда ёритилиши, телевидения ва ижтимоий тармоқларда ҳар тур видеоанонс ва ўйин атрофидаги қизиқарли воқеаларни тезкорлик билан ишқибозларга тақдим этишда Профессионал футбол лигасига ёрдам беради.

Манба:pfl.uz

Leave a Reply