Маҳаллаларда футболни янада ривожлантириш, ёшларни жисмонан соғлом этиб тарбиялаш, уларда спортга, хусусан футболга бўлган қизиқишни ошириш, аҳолини бўш вақтини мазмунли ўтишини таъминлаш, уларни соғломлаштириш учун футбол ўйинларига жалб этиш ишларини мувофиқлаштириш мақсадида Фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика Кенгаши ҳамда Ўзбекистон профессионал футбол лигаси ўртасидаги ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Меморандумга асосан маҳаллаларда футболни кенг оммалаштириш, айниқса, уни ёш авлод ўртасида тарғиб этишга қаратилган тадбирлар ташкил этиш, шунингдек, ёшларда соғлом турмуш тарзини шакллантиришга йўналтирилган турли футбол мусобақлаларини мунтазам равишда ташкил этиш борасида ҳамкорликда иш олиб борилиши келишиб олинди.
Маҳаллаларда футболда юқори натижаларга эришган фахрий ўйинчилар, мураббийлар билан учрашувлар ва давра суҳбатларини доимий ташкил этиш, қолаверса таниқли футболчиларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида турли тарғибот воситалари – фильмлар, плакат, рисола, буклетларни чоп этиш ва маҳалла идораларида футболчилар бурчагини ташкил қилишга келишиб олинди.
Ўзаро ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад – маҳаллаларда иқтидорли ёшларни футболга жалб қилиш, улар ўртасида турли мусобақалар ташкил этиш билан бир қаторда, аҳолини футбол учрашувларига янада кўпроқ жалб этиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтишини таъминлаш ва ҳудудларда жамоаларнинг ўйинлар вақтида ўз маҳаллий ишқибозлари томонидан муносиб қўллаб-қувватланишига эришиш, маҳалла ёшларининг дарслардан бўш вақтда футбол учрашувларига мунтазам равишда ташриф буюришларини ва ўз маҳаллий жамоаларини қизғин қўллаб-қувватлашларини таъминлаш саналади.
Меморандум имзолаш жараёнида Фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши бошқаруви раиси Шавкат Жавлонов ушбу йўлга қўйилаётган ҳамкорлик орқали ёш авлоднинг футболга меҳрини орттириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида стадионларга мунтазам ташрифларини йўлга қўйиш ҳар жиҳатдан фойдали бўлишини таъкидлади. Ўз навбатида Ўзбекистон профессионал футбол лигаси Бош директори Омон Ғофуров маҳалла аҳлининг нафақат Суперлига, Про-лига ва Ўзбекистон кубоги учрашувлари вақтида оилавий тарзда, балким ҳафтанинг исталган кунида клублар стадионларига ва клуб музейларига ташрифларини ташкил этиш орқали ўзимизнинг маҳаллий клубларимизга бўлган эътибор ва мухлислар қизиқишини орттиришга эришишимиз мумкин эканини қайд этиб ўтди.
Манба:pfl.uz