Хабарингиз бор, Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси янги мавсум олдидан Суперлига ҳамда Про-лига “А” гуруҳининг барча иштирокчи клублари олдига бир қатор талабларни қўймоқда. Жумладан, 2019 йилдан бошлаб Суперлига ҳамда Про-лига “А” гуруҳида қатнашишни истаган клуб яхши ҳолатдаги майдони бор стадион ва ўз академиясига эга бўлиши шарт этиб белгиланди.
Келгуси мавсум учун аллақачон тайёргарликни бошлаб юборган Жиззахнинг “Сўғдиёна” футбол клуби ЎФА ҳузуридаги Жиззах вилояти болалар-ўсмирлар ҳудудий футбол академияси билан ёш футболчиларни тайёрлаш бўйича шартнома имзолади. Натижада клуб айрим мажбуриятлар билан бир қаторда маълум ҳуқуқларга ҳам эга ҳам бўлди.
Биринчидан, Жиззах вилоятининг асосий жамоаси вилоятдаги ёш истеъдодларни тўғри йўналишда тарбиялаб, улардан яхши савиядаги профессионал ўйинчи етишиб чиқишида ўз хиссасини қўшиш имкониятига эга бўлади. Қолаверса, академиядан етишиб чиқадиган истеъдодли ўйинчиларни ўз сафига жалб этиш борасида “Сўғдиёна” катта имкониятга эга бўлади.
Шу боисдан “Сўғдиёна” футбол клуби ва ЎФА ҳузуридаги Жиззах вилояти болалар-ўсмирлар ҳудудий футбол академияси ўртасида ёш футболчиларни тайёрлаш бўйича тузилган шартнома кучга кирганидан бошлаб, клуб олдига қўйилаётган асосий талаблардан бири – академия бўйича талабни бажарган дея саналади.
Манба:pfl.uz