Хабарингиз бор, жорий йилдан бошлаб Ўзбекистон ҳамда Испания футбол лигалари ўртасида яқиндан ҳамкорлик йўлга қўйилди.
Апрель ойи бошида Мадридда амалий ишчи ташриф билан бўлган ЎзПФЛ бош директори Омон Ғофуров Ла лига бош директори Хавьер Гомес билан учрашиб, икки томонлама ҳамкорлик бўйича келишувга эришганди. Ла лига бош директори ўзбек футболи ривожига ҳисса қўшишга, мутахассисларни Ўзбекистонга юбориб, турли семинарлар ташкил қилиш ва тажрибалари билан ўртоқлашишга тайёр эканини маълум қилганди.
Учрашув якунида эса Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси ҳамда Испания Ла лигаси ўртасида 2020 йилга қадар мўлжалланган икки томонлама ҳамкорлик меморандуми имзоланганди. Ушбу меморандумга кўра, Ла лига мутахассислари маркетинг, футболга оид турли дастурлар, клублар билан ишлаш, трансляциялар ва бошқа кўплаб масалалар бўйича юртимиздаги мутахассисларга ёрдам берадиган бўлишди.
Ўзаро ҳамкорлик доирасида жорий йил сўнггига қадар яна бир қатор тадбирлар амалга оширилиши кўзда тутилган. Мана шундай лойиҳалар доирасида испан мутахассислари келаси мавсум учун Мусобақалар Регламентини ишлаб чиқишда ўз тажриба ҳамда тавсиялари билан ёрдам беришади.
Профессионал Футбол Лигаси аллақачон келаси йилда бўлиб ўтадиган мусобақалар учун Регламент ишлаб чиқишни бошлаб юборган. Кейинги йилги Мусобақалар Регламентига жорий мавсумдан керакли хулосалар қилинган ҳолда бир қанча янгиликлар киритилади. Бунда Ла лига мутахассислари ҳам ўз таклифларини беришади.
Таъкидлаш жоизки, келаси мавсумдан Мусобақалар Регламенти ўзбек тилида ҳам тузилади. Бунга қадар Регламент фақат рус тилида нашр этиб келинган. Бундан буён футбол жамоатчилигига Мусобақалар Регламенти ҳам ўзбек, ҳам рус тилида тақдим этилади.
Манба:pfl.uz