“ШЎРТАН” ЖАМОАСИ ҒУЗОРДА ЙИҒИЛДИ

Бу йил ПРО-Лигада иштирок этиши кутилаётган “Шўртан” жамоаси ҳам ниҳоят куни кеча, яна ҳам аниқроғи 18 январдан эътиборан Ғузордаги ўз қароргоҳида янги мавсум учун дастлабки тайёргарликни бошлади. Кунига икки маҳалдан олиб борилаётган машғулотлар давомида мураббийлар асосий эътиборни футболчиларнинг тикланиш жараёнларига қаратишмоқда.

Дастлабки икки кун давомида мураббийлар маҳаллий ёш ва ўтган йили ёшлар таркибида ўзини кўрсатган футболчилар билан машғулот олиб боришди. Бугун куннинг иккинчи ярмида “Оқ бўрилар” қароргоҳига ўтган мавсум таркибдаги етакчи ва тажрибали футболчилар бўлган Алибек Туробов, Руслан Мельзеддинов, Отабек Нарзуллаев, Ҳасанбой Эргашев, Олим Каримов, Шахзодбек Хурсанов, Ғулом Раҳмонов, Юсуф Бўриев, Жасур Холтўраевлар келиб қўшилди.
Футболчилар билан машғулотларни жамоа мураббийлари – Баҳодир Шоймардонов, Эркин Мирзаев ҳамда Акмал Саитқуловлар ўтказишмоқда.

Йиғин давомида режалаштирилган синов-назорат учрашувларининг дастлабкиси 21 январь кунига белгиланган. Шу куни “Шўртан” футболчилари Ғузорда “Машъал” жамоаси ёшлар таркибини қабул қилишади.

Leave a Reply