Профессионал футбол лигаси Суперлига ва Про-Лига жамоаларидаги қарздорлик масаласига жиддий эътибор қаратади.
Йиллар давомида футбол клублари мавсумни камомад билан ёпиб юрган ва бунинг оқибатида футболчилар, мураббийлар ўз пулларини ундиролмаган. Қолаверса, футболчилар ва мураббийларни ҳимоя қиладиган ташкилотнинг ўзи бўлмаган.
ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов мавсум аввалида бу масалага жиддий қараш кераклигини таъкидлаганди. Шундан кейин ПФЛ бир қатор футболчи ва мураббийлар масаласини ижобий томонга ўзгартириб берди. 2018 йилни ҳеч бир клуб қарздорлик билан ёпмаслиги ПФЛ учун муҳим фактор. Йўқса, улар эгаллаган ўрнидан қатъий назар 2019 йилги мавсум стартида санкцияларга дуч келади.
АГМК 2018 йилнинг ўзидаёқ 17 киши билан хайрлашган. Уларнинг барчаси клуб билан ҳисоб-китобини қилиб олган. Шунингдек, жамоада қолиб кетган пуллари борасида хўжалик судларига мурожаат қилганлар ҳам бўлган. Маълумки, ПФЛ комиссияси биринчи навбатда, ундан кейин эса ЎФА апелляцияси муаммоли вазиятларни ўрганиб чиқади. Футбол структурасидаги муаммоларга давлат органлари аралашган ҳолатида ПФЛ мазкур ишга қайтмайди. Нодавлат, нотижорат ташкилоти мақоми жиҳатдан юқори орган ҳисобланувчи судлар қарорига аралашмайди.
Юқоридаги 17 киши билан бундай муаммо кузатилмаган. ПФЛ комиссияси 2019 йилги мавсум аввалида ҳар бир клуб футболчилари билан алоҳида учрашади ҳамда уларнинг ҳуқуқлари борасида, муаммоли вазиятларни қандай ҳал қилиши кераклиги бобида тушунтириш беради. Йиллар давомида осилиб ётган ва панжа ортидан қаралган ишлар энди бўлмайди. Яъни, футбол ўз муаммоларини ўзи ҳал қила олганида, иш давлат органларига қадар етиб бормайди. Бу йўлда ПФЛ ФИФА андозаси асосида шартнома тайёрлаётган бўлиб, келаси мавсумдан бошлаб клублар шартномалар тузишда ундан фойдаланади. Ҳар бир шартнома ПФЛ комиссиясининг жиддий текширувидан ўтади.
Маълумот учун: ПФЛ ҳар қандай клубга нисбатан даъво аризаларини икки йил муддат тўлмагани ҳолда кўриб чиқади. Олдинда Суперлиганинг қолган клублари ҳам шундай текширувдан ўтади.
Манба:pfl.uz