PEPSI Суперлига клублари футболчиларининг жисмоний ҳолати Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси томонидан тасдиқланган тест-синовлари орқали назорат қилиб борилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, бу каби тест-синовлари жорий йил аввалида ўзбек футболида илк марта амалга тадбиқ этилди. Синовларнинг дастлабкиси ўтган йилнинг декабрь ойида, сўнгра чемпионат старти олдидан февраль ойида ўтказилиб, шу орқали миллий чемпионатимиз клублари футболчиларининг жисмоний ҳолати ҳақида умумий хулоса қилинганди.
Мазкур тест-синовлари тизимини ишлаб чиқиб, футболчиларнинг жисмоний ҳолати яхшиланиб боришини назорат қилаётган Ўзбекистон Футбол Ассоциациясининг Техник ривожлантириш бошқармаси илмий-методик бўлими белгиланган режа асосида ёзда ҳам футболчиларни норматив-тестларидан ўтказганди. Шу жараёнда нормативларни қониқарсиз топширган бир қатор футболчилар шартли равишда Суперлига ҳамда Про лига ўйинларида майдонга тушиб келишди.
Энди ўша нормативдан ўта олмаган футболчилар якуний тестларни топширишади. Нормативлар Ўзбекистон Футбол Ассоциациясининг Техник ривожлантириш бошқармаси мутахассислари томонидан 28-29 август кунлари қабул қилинади. Жамоаларга қулайлик яратиш мақсадида Водий клубларининг нормативдан ўта олмаган футболчилари 28 август куни Фарғона шаҳридаги “Истиқлол” стадионида тест топширишади. Воҳа клублари эса 29 август санасида Бухоро шаҳридаги “Бухоро” стадионида норматив топширишади.
Тестлардан ўта олмаган футболчилар Суперлига ва Про лига баҳсларига қўйилмайди.
Манба:pfl.uz