“Нефтчи” футболчиси жаримага тортилди, “Навбаҳор” клуби огоҳлантирилди

PEPSI Суперлига 20-тур учрашувлари доирасидан ўрин олган “Нефтчи” – “Навбаҳор” ўйини 68-дақиқасида “Нефтчи” жамоаси футболчиси Абдураҳмон Абдулҳақов рақиб жамоа дарвозасини ишғол этганидан сўнг голни нишонлаш мақсадида “Навбаҳор” жамоаси мухлислари жой олган сектор томон ҳаракатланиб, рақиб мухлисларини ғазаблантиришга ва кескин эътирозларига олиб келган хатти-ҳаракатларни амалга оширди.

Натижада наманганлик мухлислар ўтирган сектордан майдон томон турли хил майда буюмлар (пластик идишлар) улоқтирилди. Мусобақалар Регламентининг интизомий ва жарималар кодекси 1-қисми 5.4 бандини бузгани учун “Нефтчи” жамоаси футболчиси Абдураҳмон Абдулҳақов 2 миллион сўм миқдорида жаримага тортилди.

Наманганнинг “Навбаҳор” жамоаси мухлислари “Бунёдкор” ҳамда “Локомотив” клублари майдонига уюштирган сафар учрашувлари чоғида интизом борасида оммавий равишда камчиликларга йўл қўйгани мазкур ўйинларга тайинланган учрашув комиссарлари томонидан қайд этилган эди.  PEPSI Суперлига 20-тур учрашувлари доирасидан ўрин олган “Нефтчи” – “Навбаҳор” ўйинида ҳам аксарият наманганлик ишқибозларнинг одоб-аҳлоқ қоидалари доирасидан четга чиқиш ҳолатлари давом этди. Жумладан, ўйиннинг 68-дақиқасида “Нефтчи” жамоаси футболчиси Абдураҳмон Абдулҳақов “Навбаҳор” дарвозасини ишғол этгач, голни “Навбаҳор” жамоаси мухлислари жой олган сектор томон ҳаракатланиб нишонлади. Футболчи амалга оширган хатти-ҳаракатлар 3 мингга яқин наманганлик мухлислар ўтирган сектордаги кўп сонли ишқибозларни оммавий тарзда ғазабланишига ва кескин эътирозларига олиб келди. Натижада наманганлик мухлислар ўтирган сектордан майдон томон турли хил майда буюмлар (пластик идишлар) улоқтирилди.

Шу сабабдан “Навбаҳор” футбол клуби мухлисларининг хулқи ва маданияти борасида тегишли тартибда иш олиб борилмагани учун “Навбаҳор” клуби охирги марта огоҳлантирилди. Агар ушбу ҳолат яна бир бора такрорланса, клуб ўз уй учрашувини мухлисларсиз бўш стадионда ўтказиши ҳам мумкин.

Зеро стадионларга футбол ишқибозлари ўз оилалари, фарзандлари билан биргаликда ташриф буюраётган пайтда айрим мухлисларнинг одоб-аҳлоқ меъёрларини бузаётгани ёш футболсеварларга салбий таъсир ўтказиши мумкин. Бу борада PEPSI Суперлига барча иштирокчи жамоаларининг мухлислар билан ишлаш бўлимлари мунтазам иш олиб боришлари лозим.

Манба:pfl.uz

Leave a Reply