Про-Лига Б зонасининг 14-туридан жой олган “Лабса” — “Локомотив-БФК” ўйини белгиланган вақтдан ярим соат кечроқ бошланди.
Ўйин 18:00 га тайин қилинганди. Бироқ мезбон жамоа “Лабса” стадиондаги хавфсизлик масалаларини талаб даражасига келтирмаган. Учрашув комиссари Бахтиёр Намозов бундай шароитда ўйин ўтказишга рухсат бермаган. Мезбонлар эса шундан кейингина ҳаракатга тушган.
Ўйинда “Лабса” вакилларига техник мағлубият ёзишга яқин қолгандагина комиссар талаб қилган минимум масалалар ҳал этилган. Учрашув эса 18:30 да старт олган.
ПФЛ мазкур ҳолат юзасидан “Лабса” футбол клуби раҳбариятини жиддий равишда огоҳлантиради ва яна 1 та ўйин учун имконият беради. Келаси турда ҳам шундай ҳолат давом этса, комиссар 5 дақиқа ҳам кутмайди ва мезбон жамоага техник мағлубият эълон қилади.
Маълумот учун, ПФЛ яқиндагина “Ёзёвон-Лочинлари” футбол клубини жиддий огоҳлантирганди. 17 июнь — якшанба куни мазкур клуб ўз майдонида “Ифтихор”ни қабул қилади. Агар майдонда ижобий ўзгаришлар кўзга ташланмаган бўлса, “Ёзёвон-Лочинлари”нинг уй учрашувларини ўтказиш ёки умуман чемпионатдаги кейинги фаолияти қайта кўриб чиқилади.
“Лабса”нинг навбатдаги уй ўйини эса 21 июнь куни “Ёзёвон-Лочинлари”га қарши бўлиб ўтади. Ўша учрашувдаги хулоса мезбонларнинг Про-Лигадаги кейинги тақдирини белгилаб бериши мумкин. 17 июнь куни “Шердор”ни қабул қиладиган “Ғиждувон” клуби ҳам вазиятни назоратга олиши талаб этилади.
Про-Лига клубларига бутун баҳор давомида иш йўлга тушиб кетиши учун вақт берилди. Июнь ойидан бошлаб эса талаблар ҳамма учун қатъийдир. Ўз устида ишламайдиган ва вақтинчалик бўлган клублар фаолиятини бемалол 2-лигада давом эттириши мумкин. Про-Лига талаблари эса ўз кучида қолади.
Манба:pfl.uz