Pepsi Суперлигада баҳор мавсуми якунига етди. Чемпионат аввалгиларидан фарқ қилаётганини кўриш мумкин.
Ойнинг энг яхшилари ҳақида гап кетганида энг омадсиз дарвозабон сифатида “Пахтакор” посбони Элдор Суюновни кўрсатиш мумкин. Зеро у ҳар ой энг яхшиликка даъвогар бўлди, бироқ бирортасида ҳам зафар қуча олмади. Мартда соврин “Бунёдкор”га, апрелда “Қўқон-1912” клубига, майда эса “Навбаҳор”га йўл олди.
Шунга кўра ҳисоб китоб қилинса, ҳозирча Ботирали Эргашев ҳисобида умумий 5 очко бор. “Навбаҳор” посбони март ойида Зухуровдан кейин иккинчи бўлиб, 2 очко ишлаб олганди. Апрелда эса у даъвогарлар орасида бўлмади. Майдаги пешқадамлик эса унга яна 3 очко берди.
Элдор Суюновда ҳам жамғарилган очколари сони 5 тани ташкил қилмоқда. Посбон мартда учинчи бўлган эди. Кейинги икки ойда эса Ўткир Юсупов ҳамда Ботирали Эргашев билан рақобатга енгилиб, 2 очко билан кифояланди.
Кейинги ўринларни Мурод Зухуров ҳамда Ўткир Юсупов 3 тадан очко билан бўлиб олган. Санжар Қувватов ва Евгений Черемисинда мос равишда 1 тадан очко бор.
Эътибор бериб қараласа, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг сўнгги икки ўртоқлик ўйинида Pepsi Суперлиганинг илғоп посбонлари дарвозани эгаллади. Эронга қарши учрашувда Ботирали Эргашев иштирок этган бўлса, Уругвай билан ўйинга Элдор Суюнов чиқиб келди.
Ботирали Эргашев ўсишда давом этиши керак. Зеро уни августда Индонезиядаги Осиё Ўйинлари кутиб турибди. Посбондан ҳозирча Равшан Ҳайдаровнинг умиди катта. У ва Элдор Суюнов, шунингдек, 2019 йилги Осиё Кубогида ҳам иштирок этишлари мумкин. Ва албатта, қолган посбонлар ҳам ўзларини кўрсатишда давом этишлари шарт.
Олдинда тўлиқ ёзги мавсум бор. Хўш, энди қайси дарвозабонлар катта саҳнада бўларкин?
Манба:pfl.uz