Pepsi Суперлига: Апрель ойининг энг яхшилари мукофотларини қабул қилишди

Ой бошида Суперлиганинг 12 та клуби бош мураббийлари, сардорлари ҳамда футбол мухлислари овоз бериш орқали аниқлаб борадиган “Ойнинг энг яхшилари” танловининг апрель ойи ғолибларини эълон қилган эдик. Кечаги тур доираларида ғолиблар ўз совғаларини қабул қилиб олишди.

Энг чиройли гол муаллифи — Элгужа Григалашвили (“Қизилқум”).

12-тур доирасида “Локомотив” – “Қизилқум” жамоаларининг учрашуви чоғида Григалашвили махсус соврин билан тақдирланди. Унинг жамоадошлари эса етакчи клубга қарши сафарда тўп суришларига қарамай, ўйиннинг сўнгги сонияларида ғалабани бой берсаларда, дуранг натижани қайд этиб, Элгужанинг совринини “ювишди”.

Энг яхши дарвозабон — Ўткир Юсупов (“Қўқон-1912”).

Кеча Қўқонда “Бухоро”га қарши ўйин олдидан клуб раҳбарияти Ўткирни махсус соврин билан тантанали равишда тақдирлади. Ўткир учрашувда ҳам рақибларнинг бир неча хавфли вазиятларини бартараф этишга эришди, бироқ омад шу куни бухороликларга кулиб боққанди.

Энг яхши мураббий — Улуғбек Бақоев (“Бухоро”)

Қўқондаги ўйин Улуғбек учун икки карра қувончли келди. Учрашув бошида ўзига атлаган Ой лаураети совринини қабул қилиб олди, учрашув сўнггида эса шогирдларининг умумий совғасига сазовор бўлди. Омад бир келса келаверар экан…

Энг яхши футболчи — Арслонмурод Омонов (“Бухоро”)

Юқоридаги сўзларимиз Арслонмуродга ҳам тегишли. Ойнинг энг яхшиларига аталган совринни қўлга қабул қилсанг, сафарда рақиблар устидан зафар қучсанг, камига иккита голдан бирига муаллифлик қилиб, жамоадошларинг муваффақиятига ҳисса қўшсанг. Футболчига бундан ортиқ яна нима керак….

Манба:pfl.uz

Leave a Reply