ЎФА Англия — Бельгия ва Бразилия — Сербия ўйинларига жами 12 та чиптани Суперлига клубларига беради.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси Pepsi Суперлига клублари учун ЖЧ—2018 ўйинларига жами 12 та чипта ажратди.

ФИФА ҳамда ЖЧ—2018 мезбони Россия чипталарини адолатли сотиш механизмини ишлаб чиққан бўлиб, унга кўра бу жараён 4 та босқичда амалга оширилиши керак эди. Шундан 3 та босқич савдолаори аллақачон якунига етиб улгурган. Тўртинчи босқичда эса фақатгина омади чопган мухлисларгагина чипталар насиб қилиши мумкин.

ЎФА Халқаро футбол уюшмасига мактуб билан чиқиб, ўзбекистонлик мухлислар учун чипта ажратишни сўради. Бу борада талаб катта бўлгани учун, ФИФА ўзида бор бўлган саноқли чипталарнигина сотиши мумкин эди.

Англия ҳамда Бельгия терма жамоалари иштирокидаги ўйин мухлисларимизда катта қизиқиш уйғотиши мумкин. Боиси ҳар икки терма футболчилари кучли бешликда тўп суради ва уларнинг Ўзбекистонда миллионлаб мухлислари бор. ФИФА мазкур учрашув учун 10 дона чипта тақдим эта олишини маълум қилди. Учрашув 28 июнь куни Калининград шаҳрида бўлиб ўтади.

Яна 2 та чипта эса Сербия — Бразилия ўйинига бўлади. Бу ўйин 27 июнь куни Москва шаҳрида бўлиб ўтади.

Режага кўра, Pepsi Суперлиганинг 12 та клубига 1 тадан чипта берилади. Клублар эса чиптани ўзининг энг фаол мухлисига тақдим этади. Ёки бўлмаса, ўша чипта лотерея орқали ўз эгасини топади. Буни клубларнинг ўзи ҳал қилади.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Қатар мезбонлик қиладиган ЖЧ—2022 да ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритса, ўзбекистонлик журналистларга ҳам, футбол мухлисларига ҳам катта миқдорда квоталар берилади ва бу борада муаммолар юзага келмайди.

Манба:pfl.uz

Leave a Reply