МОҚ президенти ҳамда ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ўртасида бўлиб ўтган Жаҳон Чемпионатини ғолиб сифатида якунлаган ўзбекистонлик ёш футболчиларни табриклади.
“Ўзбекистонлик спортчиларнинг халқаро майдонлардаги мардонавор иштироки ҳар биримизга олам-олам қувонч олиб келади. Гарчи улардан узоқда бўлсак-да, мамлакат байроғи остида саф тортиб турган спортчиларимизни қалбан қўллаб-қувватлаймиз.
Бугун ҳам худди шундай бўлди ва бугунги кун кўпчилигимиз учун унутилмас онларни тортиқ қилди. Яқиндагина заиф эшитувчи ёшларимиз жаҳон чемпионлигини қўлга киритган бўлса, эндиликда меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларидан ташкил топган жамоа ўз қаршисидан чиққан барча жамоаларни таслим қилиб, жаҳон чемпионлигини тантана қилди.
Кўзи ёниб турган ёш футболчиларимиз кўрсатган бу жасорат таҳсинга лойиқдир. Улар анча ёш бўлишларига қарамай, барчамизга мундиалларда қандай ўйнаш кераклигини кўрсата олишди. Уларга қараб туриб ишониш мумкинки, Ўзбекистон келажаги ишончли қўлларда.
Аслида барчамиз мана шу футболчиларга меҳр улашишимиз керак. Улар эса бор куч ва ғайратларини сафарбар этиб, бутун мамлакат номидан Жаҳон Чемпионатида муносиб иштирок этишди ҳамда миллионлаб ўзбекистонликлар ғурурланиши мумкин бўлган улкан ютуқни қўлга киритишди. Энди улар қаҳрамондирлар. Энди биз уларни ҳаммага ўрнак қилиб кўрсатамиз. Энди ёш футболчиларимизни бутун дунёда ҳурмат билан тилга олишади.
Биз мана шу йигитларга мураббийлик қилган, уларга ғамхўрлик қилаётган, тарбия қилиб, меҳр кўрсатаётган барча инсонлар олдида таъзимдамиз. Ишонамизки, фарзандларимизнинг порлоқ келажаги ҳали олдинда. Вақти келиб улар бахтли ва саодатли ҳаёт кечириб, ўзларига жуда-жуда керак бўлган ота-оналик меҳрини ўз фарзандларига тортиқ қила олишади. Қаҳрамонлигингиз, матонатингиз ва иродангиз олдида бош эгамиз. Сизга Президентимиз, жамоамиз ҳамда мухлислар номидан ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз, раҳмат, йигитлар!”
Манба:pfl.uz