Суперлига 10-турида мухлислар ташрифи бўйича рекорд натижа

Футбол бўйича Суперлига баҳслари турдан турга анча қизиқарли ўтмоқда. Деярли ҳар бир турда қизиқ ва шиддатли учрашувлар гувоҳига айланмоқдамиз. Ўйинларнинг шиддатли ўтишига эса, жамоаларни стадионга келиб қўллаб-қувватлаётган минглаб мухлисларни ҳам эътироф этиш мумкин.

Чемпионат стартидан бошлаб, деярли ҳар турда стадионларга мухлислар оқими кўпаймоқда. Биринчи навбатда, ўйинларнинг шиддатли кечаётгани ва улар учун деярли ҳамма стадионларда яратилаётган қулайликлар ҳам бунга сабабдир.

Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси Pepsi каби йирик бренд билан шартнома имзолагани, шунингдек, стадионларда ташкил этилган бир қатор қулайликлар мухлислар учун катта байрам эканини таъкидлаш лозим. Турли кўнгилочар худудлар, егулик дўконлари – буларнинг барчаси мухлислар учун, албатта. Бу лойиҳа ва ислоҳотларнинг барчаси аввало, стадионга кимнидир жалб этиш мақсадида эмас, балки, биринчи навбатда клуб инфратузилмасини профессионал клублар савиясида бўлишини таъминлаш, европа андозаларига мос равишда уларни ривожлантириш мақсадида қилинди дейиш мумкин.

Рекорд

Суперлиганинг ушбу турида стадионларга ташриф буюриш бўйича рекорд натижа кузатилди. Бунгача рекорд, Суперлиганинг 3-турига тегишли эди ва унда жами 85 209 нафар томошабин келган эди. Суперлиганинг 10-турида эса, бу кўрсаткич 88 564 нафар мухлисни ташкил этди ва бу мавсум рекорди ҳисобланади.

Таъкидлаш лозим, чемпионатнинг 10-турига келиб стадионларда учрашувларни томоша қилиш учун ташриф буюрган мухлислар сони жами 651 453 нафарни ташкил этди ва бу аввалги мавсум билан солиштирганда деярли 2.5 баробар кўпроқ натижа ҳисобланади. Аввалги мавсум Олий Лигада 12та эмас, балки 14та клуб иштирок этгани ва учрашувлар сони кўпроқ бўлганини ҳисобга олсак, бу анча ижобий натижадир.

Манба:pfl.uz

Leave a Reply