Боиси ўтган турда “Андижон”ни ўз уйида мағлуб этиб қайтган “Шўртан” бу сафар энди ўз майдонида “Норин”га имкониятни бой бериб, кўпчиликни ажаблантирди. Сабаби Вали Келдиев бошқарувидаги “Норин” жамоаси бунгача чемпионатда ғалаба нима эканлигини билмай келаётганди. Ҳаққулободликларнинг илк ғалабасидан сўнг бош мураббийдан сайтимиз учун интервью олдик.
– Ўйин тенг курашлар остида ўтди. Ҳар икки жамоа ҳам учрашув давомида бир қатор ҳужумлар содир этди. Аммо якуний ҳисоб “Норин” фойдасига ҳал бўлди – дея гап бошлади Вали Норпўлатович.
– “Шўртан” ҳам яхши жамоа. Ўтган турда ғузорликлар сафарда “Андижон”ни мағлуб этганини яхши билардик. Шунга монанд йигитларни тайёрладик. Очиғини айтганда, “Шўртан”дан кучлироқ ўйин кутгандим. Аммо негадир уларнинг ўйини кўнгилдагидек чиқмади, назаримда. Балки аввалги турда кўпроқ куч сарфлашгандир.
– Шогирдларимни ўйинга руҳан тайёрлаш бўлмади. Чунки биласиз бунгача ғалаба қозона олмасдан келаётгандик. Уларга ҳар бир ўйин қийин кечишини лекин харакат қилинса ҳар бир жамоадан очко тортиб олиш мумкинлигини уқтирдим. “Шўртан”га қарши баҳсда йигитлар берилган кўрсатмаларни тўлиқ бажаришди.
– Умуман олганда, ҳар учрашувда футболчиларим ёмон харакат қилмаяпти. Ўша очко йўқотган ўйинларимизни оладиган бўлсак, кўпинча ҳакамларнинг хатолари эвазига жабр чекдик. Хусусан ўз майдонимизда “Истиқлол”га қарши баҳсда биргина нотўғри пенальти ўйин тақдирини ҳал этиб қўйди Тўғри, бу хаётда ҳамма инсон хато қилади. Афсуски ҳакамларнинг хатолари ҳозирча фақат рақибларимиз фойдасига бўлмоқда. Истардимки, уларнинг хатолари бизнинг жамоа фойдасига ҳам бўлишини.
– Энди кейинги турда “Орол”га қарши баҳс олиб борамиз. Нукусда доим яхши жамоа шаклланган. Уларнинг йигитлари ҳар сафар охиригача курашади ва ўйини қовушса исталган жамоадан очко тортиб олиши ҳам мумкин.
– Шогирдларимга ҳам кўп бор таъкидлаяпман, ҳозир ҳеч бир ўйин осон ўтмайди. Кучли ва кучсиз деган тушунча бўлмаслиги керак. Футбол аслида шуниси билан қизиқ – дейди “Норин” бош мураббийи Вали Келдиев.
Манба : championat.asia