Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори ижроси: ҳар бир маҳаллада футбол майдонлари қурилади.

Республика “Маҳалла” кенгашида “Давлат-хусусий шериклик асосида футбол майдонларининг қурилишини назарда тутувчи “ҳар бир маҳаллада футбол майдони” дастурини амалга ошириш механизми мавзусида йиғилиш бўлиб ўтди.

Ушбу йиғилишдан асосий мақсад, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 16 мартдаги ПҚ-3610-сонли “Футболни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг ижросини таъминлашдан иборат.

Йиғилишда Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва Профессионал футбол лигаси раҳбарияти ҳамда Тошкент шаҳридаги 56та маҳалла фуқаролари йиғини раислари иштирок этишди.

Йиғилиш давомида Президент қарори ижросини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўз юритилди. Маҳалла фуқаролар йиғини раислари ёшлар орасида футболни оммалаштириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда “Ҳар бир маҳаллада футбол майдони” дастурининг аҳамияти юқори эканини таъкидлаб ўтишди. Шунингдек, ушбу лойиҳа бўйича маҳаллаларда футбол майдонлари қурилишини бошлаш учун зарур воситалар бўйича фикр алмашилди.

Фақатгина футбол майдони билан чекланиб қолмай, бошқа спорт турлари – баскетбол, волейбол каби спорт турлари учун ҳам майдончалар, тренажерлар, она-бола майдончалари барпо этиш кераклиги, шунингдек, майдонларда мухлислар учун ўриндиқлар, кийим алмаштириш хоналари ва ювиниш хоналари мавжуд бўлишига алоҳида аҳамият қаратиш кераклиги таъкидлаб ўтилди.

 Ушбу дастур ижроси бўйича кейинги йиғилиш 11 май куни Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб ўтади.

Манба:pfl.uz

Leave a Reply