Равшан Ҳайдаров: Индонезиядаги Халқаро мусобақа янги футболчиларни синовдан ўтказиш имкониятини беради.

Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Халқаро мусобақада иштирок этиш учун Индонезияга етиб боргани ҳақида аввал хабар бериб ўтгандик. Вакилларимиз бугун мусобақадаги ўз иштирокларини КХДР терма жамоасига қарши ўйин билан бошлашади.

Ўйиндан олдин Олимпия терма жамоамиз бош мураббийи Равшан Ҳайдаров матбуот анжуманида иштирок этиб, ўз фикрларини билдириб ўтди.

“Ушбу мусобақада иштирок этаётганимиздан хурсандман. Бу ердаги кўпгина ҳамкасбларим билан қишда Хитойда ўтган Осиё чемпионатида кўришгандик. Яна кўришиш насиб этди. Ўйлайманки, мусобақа ташкилий жиҳатдан аъло даражада ўтади. Бунга ишончим комил.

Индонезиядаги мазкур Халқаро турнир ёзда бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларидан олдин янги футболчиларни синовдан ўтказиш учун яхши имконият тақдим қилади. Шунингдек, Осиё ўйинларига ташриф буюришдан аввал бу мусобақа орқали биз Индонезиядаги муҳит, иқлим, шароитлар ҳақида тасаввурга эга бўлиб олишимиз мумкин. Шу жиҳатдан олиб қарайдиган бўлсак, бу мусобақа барча терма жамоалар учун муҳим деб ўйлайман”, – деди Равшан Ҳайдаров.

Матбуот анжуманига йиғилган журналистлар Равшан Ҳайдаровдан нима учун Осиё чемпиони бўлган футболчиларнинг барчасини ушбу мусобақага олиб келмагани ҳақида сўрашди.

“Мазкур мусобақа миллий чемпионатимиз – Суперлига ўйинлари бўлиб ўтаётган пайтга тўғри келиб қолди. Осиё чемпиони бўлган аксар футболчилар ўз клубларида асосий футболчи ҳисобланишади.

Қолаверса, биз ушбу мусобақада бошқа футболчиларга ҳам ўзларини кўрсатиш учун имкон бериш ниятидамиз”, – деб айтиб ўтди Равшан Ҳайдаров.

Манба:the-uff.com

Leave a Reply