Суперлига 8-турининг яна икки учрашуви ўтказилди. Пойтахтдаги ўйинда “Пахтакор” “Навбаҳор”ни қабул қилди. Намангандан етиб келган минг нафарга яқин мухлисларнинг доимий қўллаб-қувватлаши натижасидан “Навбаҳор” ўйинни кўтаринки руҳда ўтказди. Турган гапки, майдон эгалари ҳам бўш келишмади. Ҳар иккала жамоа томонидан бир қатор хавфли вазиятлар яратилди, бироқ улардан бор-йўғи биттасидан унумли фойдаланиш мезбонларга насиб этди. Жалолиддин Машариповнинг чиройли узатмасини Тиаго Безерра голга айлантира олди.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ушбу мавсумда “Пахтакор”га энг кўп мухлис ташриф буюриши айнан шу турда қайд этилди – 17465.
Жиззахдаги ўйин ҳам шиддатлилиги, кескинлиги билан пойтахтдан қолишмади. Учрашувнинг бошидаёқ Мурод Холмуҳаммедов пенальтидан гол уриб, жамоадошларини ҳисобда олдинга олиб чиқди. Иккинчи бўлимда мезбонлар ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлишди. Учрашув якунига саноқли дақиқалар қолганда эса Мурод Холмуҳаммедов тўпсиз холатда рақибига нисбатан атайлаб қўполлик қилди. Бош ҳакам ёрдамчилари билан маслаҳатлашган ҳолда футболчига қизил карточка кўрсатиб юборди. Унинг қароридан норози бўлган қўқонликлар бош мураббийи Нўъмон Ҳасанов қанот ҳакамига нисбатан қўполлик қилди, бу ҳам етмагандек, бош ҳакамга ҳам “бисотидаги” эътирозларини тўкиб-сочди. Натижада бош ҳакам уни ҳам майдон ташқарисига “кузатиб қўйди”.