Суперлига учрашувларини томоша қилиш учун стадионларга ташриф буюраётган мухлисларга янада кўпроқ қулайликлар яратиш бўйича ЎФА ва ПФЛ раҳбарияти томонидан клубларга қатъий топшириқ берилган бўлиб, Суперлига жамоалари бу топшириқларни бажариш учун бир қатор чора-тадбирларни амалга оширишаётгани ҳақида аввал хабар бериб ўтгандик.
Жумладан, “Бухоро” стадионида ҳам мухлислар учун бир қатор янгиликлар йўлга қўйилди. Кеча Суперлиганинг 8-туридан ўрин олган “Бухоро” – “Қизилқум” учрашувини томоша қилиш учун келган мухлислар стадионда яратилган қўшимча қулайликларни кўриб, анча қувонишди.
Стадионда клуб либослари, атрибутикалари савдосини амалга оширадиган дўкон иш бошлади, жажжи болакайлар учун турли аттракционлар ўрнатилди, учрашув бошланишидан аввал мухлислар ўртасида турли совринли ўйинлар ўтказилди.
Шунингдек, “Бухоро” – “Қизилқум” ўйинининг биринчи бўлими якунига етганидан кейин имконияти чекланган мухлислар ва жажжи болакайларга футболчилар имзоси туширилган тўплар тақдим қилинди.
Ўйиндан сўнг эса трибуналарда ўтирган мухлисларга ҳам футболчилар томонидан тўплар совға қилинди.
Бу каби чора-тадбирлар Суперлига учрашувларини томоша қилиш учун стадионларга келаётган мухлислар оқимини янада ошириши шубҳасиз.
Манба:the-uff.com