“ШЎРТАН” ПФК ҲАМДА “ШЎРТАН-ЛЕДИ” ЖАМОАЛАРИДА МАЪНАВИЯТ СОАТЛАРИ ЎТКАЗИЛДИ/

Футбол бўйича Ўзбекистон Биринчилиги ПРО-Лигаси ҳамда аёллар ўртасида мамлакат чемпионати Олий лигасида иштирок этаётган Ғузорнинг ҳар икки жамоасига 26 апрель куни маънавият ва маърифат дарслари ўтказилди. Тадбирларнинг дастлабки қисми “Шўртан” ПФКнинг Ғузордаги,  куннинг иккинчи ярмида эса “Шўртан-Леди”нинг Қаршидаги қароргоҳларида ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 март куни қабул қилинган “Футболни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг ижроси, шунингдек ҳар бир футболчи, мураббий, ходимларнинг жамиятда юриши, одоб-аҳлоқ меъёрларига риоя қилиши, ёт унсурларга аралашмасдан, аксинча салбий ҳолатларга қарши муросасиз ва кескин курашиш, лоқайдликка ва бефарқликка йўл қўймаслик, шу юрт фарзандлари сифатида Ўзбекистонимиз равнақи, унинг гуллаб яшнаши, спорт шу жумладан футбол соҳасида муваффақиятларга эришиш, мамлакатимиз обрў-эътиборини янада юксалтириш каби масалалар бўйича жамият Бош Директорининг хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари Шарофиддин Фозилович Каримов нутқ сўзлади.

Ш.Каримов ўз маърузасида мазкур қарорнинг мамлакатимизда миллионлар ўйини ривожи ҳамда оммавийлигини оширишдаги муҳим аҳамияти, футбол клублари, болалар футбол мактаблари, академиялар инфратузилмасини мустаҳкамлаш, уларга қўшимча қулайликлар яратиб бериш борасидаги ўрни, нуфузи ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди. Мамлакатимиз Президенти томонидан кўрсатилаётган рағбатга муносиб бўлиш, “Шўртан” ПФК ва “Шўртан-Леди” жамоаси аъзолари ҳам юрт футболи равнақида четда қолмасдан, ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишлари шартлиги, миллий чемпионатда ижобий иштироки орқали минглаб, миллионлаб мухлислар қалбини қувончга тўлдиришлари, халқаро майдонларга чиқиш йўлида ҳар бир мутахассис, мураббий ҳамда футболчида устувор мақсад бўлиши кераклигини таъкидлаб ўтди.

Маърифат соатида иштирок этган “Шўртан” ПФК МЧЖ Бош Директори Виктор Алешников, Техник директор Баҳодир Шоймардонов, жамоа мураббийлари – Асрор Алиқулов (“Шўртан” ПФК бош мураббийи), Ботир Қодирқулов, Акмал Сайтқулов, Одил Аҳмедов (“Шўртан-Леди” бош мураббийи), Екатерина Пак (“Шўртан-Леди” жамоа бошлиғи) ҳам Ўзбекистонда спортга, хусусан, унинг энг оммавий тури – футболни ривожлантиришга шахсан Президентимиз Шавкат Мирзиёев катта эътибор берилаётганлигини мамнуният билан қайд этишди. Айниқса, “Шўртан” ПФК ҳамда “Шўртан-Леди” жамоалари учун қилинаётган эътибор, яратилаётган шарт-шароитларга яраша юқори натижалар сари дадил одимлаш, юрт шаънини ҳамиша муносиб ҳимоя этиш футболчиларнинг бош мақсади эканлигини доимо ёдда тутишларини айтиб ўтишди.

Якунда жамоа раҳбарияти, бу каби маънавият ва маърифат соатларини тез-тез ўтказиб турилишини таъкидлаб ўтишди.

                                                                                                                                   “Шўртан” ПФК матбуот хизмати

Leave a Reply