Футбол мухлисларимизга яхши маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 мартдаги ПҚ-3610-сонли “Футболни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ушбу қарорнинг бир қатор бандларида республикамизда футбол акадамеяларини ташкил этишга эътибор қаратилган бўлиб, шунга асосан ҳозирги кунда Ўзбекистон футбол ассоциациясида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Қарорга кўра, ҳозирда юртимизда фаолият кўрсатиб келаётган Ихтисослаштирилган Футбол мактаб интернатлари тугатилиб, республика бўйича 14та Ҳудудий болалар ва ўсмирлар футбол академиялари ва 1 та Республика болалар ва ўсмирлар футбол академияси ташкил этиш режага киритилган. ИФМИларни тугатишга асосий сабаб, ушбу спорт мактабларининг асосий вазифаси мамлакатимизга сара спортчиларни тайёрлаб бериш бўлишига қарамай, улар бугунги кунда умумий таълим мактабларига айланиб қолмоқда. Ўқишга келган болаларнинг спортга бўлган иштиёқ ва қизиқишлари, иқтидорлари ҳисобга олинмасдан пала-партишлик билан ўқишга қабул қилинган. Бунинг натижасида, спорт мактабларининг умумтаълим мактабларидан фарқи тобора йўқолиб бораётганди.
Шундан келиб чиққан ҳолда, болаларнинг футболга бўлган иштиёқини ошириш, профессионал футболчиларни босқичма-босқич тайёрлаш ва Ўзбекистон миллий терма жамоаларига номзодларни етказиб бериш, ўзбек футболини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида, ИФМИлар ўрнида республика бўйлаб вилоят марказлари, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикасида 1 тадан марказлашган Ҳудудий болалар ва ўсмирлар футбол академиялари ташкил қилинади. Шунингдек, Тошкент шаҳрида алоҳида Республика болалар ва ўсмирлар футбол академияси ташкил қилиниб, вилоят ҳудудий футбол академияларининг саралаб олинган энг иқтидорли футболчилари ушбу академияда таҳсилни давом эттирадилар.
“Ҳудудий болалар ва ўсмирлар футбол академияларига ёш спортчилар қатъий танлов асосида қабул қилинади. Танловнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида, қабул жараёнида Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти ва ОАВ вакиллари иштирок этади. Ушбу академияларда мураббийлардан ташқари 3 та селекционерлар штати ташкил қилинган бўлиб, ушбу селекционерлар бутун вилоят бўйлаб ёш ва иқтидорли болаларни топишга сафарбар қилинади.
Сўнгра ушбу ёш иқтидор эгалари ҳудудий футбол академияларига таклиф этилиб, йилига бир марта имтиҳонлардан ўтказилади. Имтиҳондан муваффақиятли ўтган ёш футболчилар ҳудудий академияларда 7та, Республика академиясида 6та ёш тоифасига ажратилган ҳолда таълим олишни бошлайдилар. Ҳар бир ўқувчи учун академия ётоқхонасидан жой ва кунига 4 маҳал овқатланиш ташкил этилади. Ҳудудий футбол академияларининг ёш таснифи 11 ёшдан 17 ёшгача.
Республика футбол академиясининг ёш таснифи эса 13 дан 18 ёшгача этиб белгиланган. Ушбу ҳудудий футбол академияларида ўқиш бепул бўлиб, битирувчилар хоҳлаган спорт мактабларида мураббийлик қилиши ёки Ўзбекистон профессионал лигаси ва Про-лигада футболчилик фаолиятини олиб бориши мумкин. Битирувчиларга академиянинг махсус дипломи тақдим этилади” – дейди ЎФА мутахассиси Ўнгар Джалимов.
Таълим олувчиларнинг 7 хил ёш таснифига бўлинишига сабаб, болалар организми турли ёшда турли қийинчликдаги жисмоний тайёргарликка мос бўлади. Шуларни ҳисобга олган ҳолда ушбу академиялардаги мутахассислар томонидан турли ёшлар билан ЎФА томонидан ишлаб чиқарилган махсус машқ дастурлари ва нормативларга асосан ёш футболчиларга сабоқ бериб борилади. Дарслар ва машғулотлар жараёнида дунёнинг футболи ривожланган мамлакатлари футбол академиялари ҳозирги пайтда фойдаланаётган усуллар қўлланилади.
Айниқса, машғулотлар ва назорат учрашувлари замонавий техник воситалар ёрдамиз ёзиб олиниб, академия тарбияланувчиларига намойиш қилинади ва уларнинг ҳаракатлари таҳлил қилиб борилади. Бундай жараён бугунги кунда профессионал футболчиларни тайёрлашда дунёнинг энг кучли футбол академияларида қўлланиб келинади.
Муҳтарам Президентимиз томонидан қабул қилинган мазкур қарорга асосан ташкил этилаётган ушбу футбол академиялари ўзбек футболининг ривожида ўзига хос ўрин тутиши шубҳасиз.