Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан юртимиздаги ҳакамлар савиясини ошириш ва футбол учрашувларида сифатли ҳакамликни таъминлаш учун бир қатор чора-тадбирларни амалга оширмоқда.
Жумладан, кеча “Бунёдкор” стадионида Суперлига ҳакамлари учун бир кунлик семинар бўлиб ўтди. Семинарни ЎФА Ҳакамлар ва назоратчилар бошқармаси бошлиғи Маъмур Саидқосимов, бошқарма мутахассислари Бобур Ҳайдаров, Бахтиёр Намозов ҳамда ФИФА рефериси Равшан Эрматов ва ФИФА инструктори Фарҳод Абдуллаев олиб боришди.
Куннинг биринчи ярмида ҳакамлар учун назарий машғулотлар ўтказилди. Йиғилганларга ЎФА Илмий-методик гуруҳи томонидан тайёрланган Суперлига клубларининг тактик ўйин услублари ва ўзига хос жиҳатлари ҳақида маълумотлар берилди. Бу маълумотлар Суперлига ҳакамлари учун учрашувларни бошқаришда асқотиши аниқ.
Кейин ҳакамлар майдонда амалий машғулотлар ўтказишди. Машғулотлар давомида ўйинда рўй берадиган баҳсли вазиятлар яратилди ва ҳакамларнинг бу вазиятларда амалга ошириши керак бўлган хатти-ҳаракатлари кўрсатиб берилди.
Семинардан кўзланган асосий мақсад Суперлига ҳакамлари малакасини мунтазам равишда ошириб бориш ва учрашувларда сифатли ҳакамликни таъминлашдан иборат.
Бундай семинарларни йил давомида доимий равишда ўтказиб бориш режалаштирилган.
Манба:the-uff.com