“Краснодар” клуби масъуллари ҳамкорликни давом эттиришни таклиф этишди

Айна дамда Россиянинг Краснодар шаҳрида Суперлига матбуот котиблари “Краснодар” футбол клуби билан ҳамкорлик асосида илмий-назарий семинарда иштирок этаётгани ҳақида аввалроқ хабар берилган эди.

Семинарнинг иккинчи кунида матбуот котиблар бевосита “Краснодар” ҳамда Туланинг “Арсенал” клублари ўртасидаги Премьер-лига учрашувини бевосита стадиондан томоша қилишди ва ушбу учрашувда “Краснодар” клуби томонидан ташкил этилган барча медиа жараёнларни ўрганишди, мазкур жараёнларда бевосита иштирок этишди. Ушбу учрашувда клуб матбуот хизмати томонидан амалда қўлланилган ишлар бўйича катта тажриба орттирилди.

Таъкидлаш лозим, учрашув давомида барча турдаги ОАВ учун клуб томонидан катта шароитлар яратилган ва барча ташкилий ишлар, медиа жараёнлар юқори савияда ташкил этилган. Бу каби учрашувлар ва семинарлар орқали клуб матбуот котиблари ўз тажриба ва малакаларини орттиришлари, тажрибаларини чемпионат учрашувларида амалда қўллашлари мумкин.

Ушбу семинар давомида “Краснодар” футбол клуби масъуллари кейинчалик ҳам бу каби семинар ва учрашувлар ташкил этиш мақсадида ЎзПФЛ билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдиришди.

Манба:pfl.uz

Leave a Reply