Болалар футболи: “Насаф” тарбияланувчилари Қатарда

Хабарингиз бор, ўтган йилнинг 17 октябрь куни Ўзбекистон футбол Ассоциациясининг биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов Қатар футбол Уюшмасининг президенти Шайх Ҳамад бин Халифа Аҳмад ол Танийнинг таклифига кўра Доҳага хизмат сафари уюштириб, Қатар футболи мансабдор шахслари билан учрашганди.

Учрашув чоғида томонлар Ўзбекистон ва Қатар футболини янада ривожлантириш учун ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш йўлида меморандум имзолагандилар. Шунингдек, Умид Аҳмаджонов Қатардаги дунёга машҳур “Aspire” академиясига ташриф буюриб, у ердаги шароитлар билан танишган ҳолда, Ўзбекистонда ҳам ана шу тажрибани йўлга қўйиш борасидаги ҳамкорлик масаласида келишувга эришганди.

Қатарнинг дунёга машҳур “Aspire” жамоаси Осиёнинг энг яхши академиялари тарбияланувчилари иштирокида ташкил этаётган мусобақага, икки мамлакат футбол ассоциациялари ўртасидаги меморандумга асосан Ўзбекистондан ҳам футболчиларни таклиф этди.

2017 йил якунига кўра Ўзбекистоннинг энг яхши академияси сифатида эътироф этилган “Насаф” футбол мактабининг бир эмас учта ёш тоифасидаги гуруҳлари кеча Қатарга жўнаб кетганди.  Улар Қатарнинг Доҳа шаҳрига эсон омон етиб боришди. Ёш футболчилардан иборат вакилларимизни мезбонлар илиқ кутиб олишди. Ёш футболчиларимиз Доҳа шаҳридаги беш юлдузли “TORCH” меҳмонхонасига жойлашишган, бугун “Аспире” академиясида машғулот ҳам ўтказишди. Эртага тарбияланувчиларимиз баҳсга киришади.

Демак, ўзига хос халқаро турнирда иштирок этадиган жамоаларимиз  – Нурали Султонов ва Насим Шойимов мураббийлигидаги 2000 йилда туғилганлар, Павел Кшнякин устозлигидаги 2001-2002 йилда туғилганлар ҳамда  Умар Раҳматуллаев ва Жасур Иброҳимов бош мураббийлик қилаётган 2003 йилда таваллуд топган футболчилар.  Жамоаларнинг ҳар бири 16 нафар ёш футболчилардан иборат. Шунингдек, жамоаларимизга  дарвозабонлар мураббийи Михаил Наумов ҳамда шифокор Суннат Сахаддиновлар ҳамкорлик қилишмоқда.

Қатардаги мусобақа эртага старт олади ва 4 апрелга қадар давом этади. Ҳар бир ёш тоифасидаги жамоаларимиз иккитадан учрашув ўтказишади. Шунингдек, жамоаларимиз қатарлик тенгдошлари билан биттадан ўртоқлик учрашувларида ҳам майдонга тушишади.

Делегацияга “Насаф” футбол мактаби директори Сергей Кучеренко раҳбарлик қилмоқда.

Манба:pfl.uz

Leave a Reply